Лойиҳага кўра, 31,7 км янги темир йўллар ётқизиш, Хивада миллий услубни ўзида жамлаган замонавий темир йўл вокзалини қуриш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда тупроқ ва ер ишлари деярли якунланди. Махсус механизациялаштирилган йўл станцияси жамоаси томонидан 743 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Бугунги кунга келиб, жами 93 та сунъий иншоотдан 63 таси қуриб битказилди. Лойиҳадан ўрин олган битта йўл ўтказгични барпо этишда акциядорлик жамиятининг кўприксозлари тажрибасидан фойдаланилди. Бунёдкорлик жараёнига 200 нафардан ортиқ ишчи-муҳандис, 100 га яқин қурилиш техникаси жалб қилинган. Мақсад, билдирилган ишончни оқлаб, лойиҳани ўз вақтида, сифатли фойдаланишга топшириш.
Хива шаҳрида замонавий, миллий услублар билан уйғунлашган темир йўл вокзалини қуриш ишлари ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда. “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари бу ерга келаётган сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида вокзал биносини кўҳна Хивадан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлаштирди. Иншоот икки қаватли бўлиб, ўзининг кўркамлиги, миллийлиги, йўловчилар учун яратилган қулайликлари билан эътиборни ўзига жалб этади.
Лойиҳага кўра, вокзал бир вақтнинг ўзида 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Унинг олдида замонавий, мусиқали фаввора ўрнатилади. Бино ташқи кўринишидан Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттиради. Ҳозирда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда.
Йирик лойиҳа амалга оширилгач, пойтахтимиз қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива билан ўзаро бир йўлда бирлашади, бу эса юртимиз аҳолиси, чет эллик меҳмонлар учун кўплаб қулайликларни яратади. Ахборот хизмати.