Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 01/06/2022 «Ўзбекистон ривожланиш йўлида: қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тадқиқотларини трансформация қилиш» мавзусидаги II Миллий қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат тадқиқотлари форуми
«Ўзбекистон ривожланиш йўлида: қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тадқиқотларини трансформация қилиш» мавзусидаги II Миллий қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат тадқиқотлари форуми

Қишлоқ хўжалиги секторида олиб борилган самарали тадқиқотлар ички ва ташқи бозор учун сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни етказиб беришга ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, халқ фаровонлиги ва тараққиётга хизмат қилади. 

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида илмий тадқиқотларнинг ижобий таъсирини ошириш мақсадида жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида мамлакатдаги аграр озиқ-овқат сектори илмий ва амалий ҳамжамияти вакиллари иштирокида «Ўзбекистон ривожланиш йўлида: қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тадқиқотларини трансформация қилиш» мавзусидаги II Миллий қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат тадқиқотлари форуми бўлиб ўтмоқда

Ушбу Форум ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази (AKIS) ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) томонидан Европа Иттифоқи (ЕИ), БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), ЕИ ASK Facilty дастури ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг молиявий ва техник кўмаги билан ташкил этилди.

II Миллий форумнинг очилиш маросимида ЎзР Олий Мажлис Сенати, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ISCAD, AKIS, ФАО, БМТТД ташкилотларидан юқори мартабали меҳмонлар ўз нутқлари билан иштирок этди.

Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан ЎзР Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқов ўз нутқида ҳукумат тадқиқотчиларни илм-фан қандай янги билимларни яратиши кераклиги тўғрисидагина бош қотирмай, балки бундай билимлар ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ҳаётига қандай ижобий ўзгаришлар олиб келиши ҳақида фикр юритишга чорлаётгани, шу боис ушбу илмий-амалий учрашув натижаларга йўналтирилган тадқиқотлар учун янги долзарб масалаларни белгилашга бебаҳо имконият яратишини таъкидлади.

Шундан сўнг, тадбирни ташкиллашда асосий техник ва молиявий кўмакчи ташкилотлардан бири бўлган ЕИ делегациясининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари бўйича истиқболлари ва унинг Ўзбекистон аграр озиқ-овқат сектори трансформациясига таъсири тўғрисида сўз .юритди. 

Очилиш маросимида, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази директори Алишер Шукуров Миллий қишлоқ хўжалиги тадқиқотларининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш, қандай қилиб жорий ва келгуси халқаро молиялаштириш имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш мумкинлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ҳамда Марказий Осиё Чўллари бўйича Ташаббус (CADI) лойиҳаси кординатори Нариман Нишанов ўзларининг табрик нутқлари билан очилиш қисмига якун ясадилар.

Шундан сўнг, алоқадор вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқарув органлари, Ўзбекистонда фаолият юритувчи тегишли Миллий ва халқаро илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар, таълим ва кадрлар тайёрлаш муассасалари, донор ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, ННТ ва хусусий сектор вакилларидан иборат 100 дан ортиқ иштирокчи 3 та шўбага бўлиниб, Форум амаоий фаолиятини бошлади. Ушбу шўбалар, ўз ўрнида, Миллий қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат илмий тадқиқот дастурининг

(НАРП) устувор стратегик йўналишлари ҳам хисобланади

1.Озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқланиш;

2.Барқарор сув ва ер бошқаруви ҳамда иқлим ўзгариши;

3.Қўшимча қиймат занжирлари, экспорт ва импорт, бозорлар.

Тадбирнинг биринчи кунида Миллий қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат илмий тадқиқот дастурининг стратегик йўналишлари бўйича келажакдаги кутилган натижалар ва кўрсаткичларни аниқлаш, Тадқиқотлар ва тармоқ инновациялари ёрдамида стратегик мақсадларга эришиш, Стратегик йўналишларнинг таркибий қисмларини жорий имкониятлар бўшлиқларини белгилаш юзасидан вазифалар бажарилди.

Миллий форумнинг иккинчи кун тартибида НАРП стратегик йўналишларининг самарали ишлаши ва бошқа инновацион секторлар билан интеграциялашуви учун зарур бошқариш ва мувофиқлаштириш эҳтиёжлари; стратегик йўналишларини амалга оширишнинг молиялаштириш ва инвестиция механизмлари; стратегик йўналишларини амалга ошириш учун зарур имкониятларини аниқлаш ҳамда якуний натижалар асосида Миллий қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат илмий тадқиқот дастурининг таркибий тузилмаси, мувофиқлаштириш, амалга ошириш ва молиялаштириш механизмлари тўғрисида Резолюция қабул қилиниши кутилмоқда.

Икки кун давом этадиган мазкур тадбир қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат илмий тадқиқотлари кўмагида секторни амалий ривожлантириш платформаси вазифасини ўташга хизмат қилади.

Қўшимча маълумот учун: 2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.10.2019 йилдаги ПФ-5853-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси”даги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, ЕИ ва ФАО техник ва молиявий кўмагида I Миллий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тадқиқотлари форуми ташкил қилинган эди. 

Аграр секторнинг илмий-тадқиқот ва бошқарув институтларининг 60дан зиёд вакиллари иштирокидаги Форум секторга келгуси тадқиқот дастурлари ва лойиҳалари учун янада мувофиқлашган муҳит зарурлигини кўрсатди. Форум якунида 3 стратегик йўналишдан иборат янги Миллий қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат илмий тадқиқот дастурини (НАРП) ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилган.

Тадбир нутқларидап парчалар:

– ЎзР Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқов: “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлигига доир муаммоларни енгиш учун зарур билимлар, ғоялар, воситалар ва технологияларни яратишда тадқиқотлар муҳим роль ўйнайди. Ҳукумат ишончини қозониш ва зарур инвестицияларни ишга тушириш йўлида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бўйича тадқиқотлар ҳамда инновациялар ўз аҳамиятини кенгроқ жамиятга кўрсатиши керак.” 

– ЕИ делегациясининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним: “Европа Иттифоқи мамлакатларнинг аграр озиқ-овқат секторида тадқиқот ва инновацияларнинг кенг жорий этилишини иқтисодий ўсиш ва барқарор тараққиёт учун муҳим деб билади. Шу боис, Биз Ўзбекистонни қишлоқ хўжалиги тадқиқотларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.”

“Мазкур Форум секторнинг барча вакиллари, айниқса фермер ва тадбиркор аёллар ҳамда ёшлар манфаати йўлида хизмат қилиб, мамлакат аҳолиси учун жозибадор турмуш тарзи ва барқарор қишлоқ хўжалиги келажагини таъминлашга ҳисса қўшишига ишонч билдираман.”

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг