Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 06/07/2022 Ўзбекистон республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди
Ўзбекистон республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТнинг Озиқ-Овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди

Жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг «Ўзбекистонда Озиқ-Овқат тизимларининг, ердан фойдаланиш ва қайта тиклашнинг таъсири дастури» ни амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.

Қўшма лойиҳанинг асосий мақсади деградацияга учраган экотизимлар ва унинг хизматларини тиклашга кўмаклашиш, дон етиштиришга асосланган экин майдонларига илғор инновацион тажрибаларини олиб кириш ва биохилмахилликни муҳофаза қилишдан иборатдир.

Лойиҳа грант қиймати жами 5,99 млн. АҚШ долларини ташкил этиб Глобал Экологик Жамғарма (ГЭЖ) томонидан молиялаштирилиши белгиланган.

Шу муносабат билан 4 июль куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ҳамкорлик шартномаси имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжат ФАОнинг субминтақавий координатори ва Ўзбекистондаги вакили Виорел Гуцу ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов томонидан имзоланди.

«Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг, эрдан фойдаланиш ва қайта тиклашнинг таъсири дастури бўйича иқлим ўзгаришининг оқибатларини ҳисобга олувчи экологик тоза ишлаб чиқариш амалиётлари, интеграциялашган ландшафт бошқарув тизимини жорий қилиш, барқарор озиқ-овкат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қиймат занжирини ривожлантириш миллий ва халқаро миқёсда шериклик ва ҳамкорликни талаб қилади» - деди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси раиси Н.Обломурадов ўз нутқида.

«Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистонда тупроқ таназзулига қарши курашиш бўйича қилинааётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг бошланишидир. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши таназзулга учраган қишлоқ хўжалиги ерлари ва яйловлари муаммоларини ҳал этишга, пировардида барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилишига ишонаман», - дейди ФАОнинг субминтақавий координатори ва Ўзбекистондаги вакили Виорел Гуцу.

Қўшма лойиҳа доирасида табиатни асраш ва тиклаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

1. Биохилмахиллик ва йўқолиб кетаётган турларнинг яшаш жойларини тиклаш ва экотизим хизматларини асраб қолиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда ва бошқа манфаатдор томонларда биохилмахилликни сақлаш;

2. Таназзулга учраган ерлар ва юқори табиий қийматга эга экотизимларни тиклаш бўйича давлат ва бошқа манфаатдор томонларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ва ресурсларни жалб қилиш;

3. Экотизимларни сақлаш ва тиклашда интеграцион ер бошқаруви моделларини ишлаб чиқиш ва бунда ҳосилнинг қуруқлик, иссиқлик, ер эрозияси, тузланишга чидамлилигини ошириш;

4. Глобал аҳамиятга эга экотизимларни иқлим ўзгаришининг таъсирини камайтириш ва сақлаб қолиш.

Ҳамкор томонидан таклиф этилаётган молиявий воситалар 2030 йилга қадар дедрадацияга учраган ерлар ва йўқотилган ўрмонларниниг 

0,5 миллион гектарини тиклаш, чўлланиш ва қурғоқчилик таъсирига учраган суғориладиган ерларни унумдорлигини ошириш, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ муаммоларни юмшатишга қаратилган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг