Валюта курслари 13/11/2024
$1 – 12793.38
UZS – -0.08%
€1 – 13595.52
UZS – -0.6%
₽1 – 130.73
UZS – 0.07%
Қидириш
Иқтисод 29/11/2023 Ўзбекистон Президенти йирик энергетика лойиҳаларига старт берди
Ўзбекистон Президенти йирик энергетика лойиҳаларига старт берди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Саудиянинг етакчи “ACWA Power” компанияси билан амалга оширилаётган лойиҳалар - Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишни бошлаш маросимида иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, Сирдарёдаги қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган иссиқлик электр станцияси лойиҳаси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига эҳтиёжини таъминлашга имкон беради.

Бундан ташқари, минтақамизда илк бор “яшил водород” ишлаб чиқариш бўйича ўхшаши йўқ корхона ташкил этилмоқда. Ушбу “пилот” лойиҳа доирасида мамлакатимизда биринчи босқичда 3 минг тонна водород ишлаб чиқарилади ва кейинчалик минерал ўғитларга қайта ишланади, шунингдек, 52 мегаваттлик шамол электр станцияси қурилади.

Умуман, “ACWA Power” компанияси иштирокида Ўзбекистонда 7,5 миллиард долларлик йирик энергетика лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши 2030 йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш, 4,5 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш ва атмосферага зарарли моддалар ташланмаларини 3 миллион тоннагача қисқартириш имконини беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг