Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 июль куни Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) раиси Тадаши Маэда бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ушбу етакчи молиявий институт билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва Япония компаниялари билан кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, амалий мазмун билан бойитгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро савдо ва Япониянинг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми ошиб бормоқда, янги қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.
JBICнинг мамлакатимизда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги муҳим ўрни қайд этилди. Бугунги кунда нефть-кимё, тўқимачилик саноати, энергетика ва инфратузилмани модернизация қилиш каби соҳаларни қамраб олган қўшма лойиҳалар портфели 3,7 миллиард доллардан ошди.
"Sojitz" корпорациясининг Ўзбекистондаги фаолияти юқори баҳоланди. У билан биргаликда нефть-газ соҳасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Кеча Тошкент шаҳрида компания ваколатхонасининг очилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари "яшил" энергетика, геология, инфратузилмани модернизация қилиш, коммунал хўжалик ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Япония компаниялари иштирокида янги кооперация лойиҳаларини тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Япония халқаро ҳамкорлик банки билан уч йиллик ҳамкорлик дастурини, шунингдек, "Sojitz Corporation" билан Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори технологик тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилишга келишиб олинди.