“Биз бугун Давлат рақобат қўмитасининг раиси Д.Ҳидоятовдан шахсан сиз ва қўмитанинг бўлинмалари хусусийлаштириш жараёнида пировард натижани нима учун назорат қилмайсиз ёки таъминламайсиз, деган саволга жавоб беришни қатъий талаб қилишга ҳақлимиз. Сиз нима учун ушбу муаммоларни амалда ҳал этиш ўрнига менга ўзингизнинг ҳеч қандай натижа бермаган ва бермайдиган хорижий хизмат сафарларингиз ва "тақдимот”ларингиз тўғрисида оғиз кўпиртириб ахборот берасиз?” - деди Президент.
“Бугун давлат бюджети ҳисобидан катта маблағларни харажат қилиб, хорижга хизмат сафарига бориб келаётган раҳбарлар ва ишчи гуруҳларидан сўрашга ҳақлимиз: қани сизлар оғиз тўлдириб, қоғозга чиройли қилиб ёзиб берган натижалар, қани инвестор ва инвестициялар?
Сиз бу ишларга мутасадди давлат қўмитасининг раҳбари бўлиб, бундай натижаларни кимдан талаб қиляпсиз? Биргина Корея Республикасига корхоналарни сотамиз, инвестициялар олиб келамиз, деб ташкил этган бир нечта бизнес форумларингиз натижа бердими, қани ваъдалар?
Агар сизлар хорижий сафарларга сарф қилган харажатларни ҳисоб-китоб қилсак, шу пулнинг ўзига иккита йирик корхонани сотиб олса бўларди.
"Ноль" қиймати бўйича 1 минг 27 та объект сотилган. Албатта, бу яхши, бироқ нима учун уларнинг кўпчилиги, баъзиларини ҳисобга олмаганда, ишга туширилмаган ва вайрона ҳолида ётибди?
Биз уларнинг ўрнига нимани ташкил этдик, қандай қувватлар ва ишлаб чиқаришлар барпо этилди, қанча одам иш билан банд? Нима учун сотилиши лозим бўлган 119 та акциядорлик жамиятидан фақат ярмининг 15 фоизлик улуши хорижий инвесторларга сотилган?
Давлат мулки талон-тарож қилингани учун бугун ким шахсан жавоб бериши керак? Сўзсиз ва биринчи навбатда сиз, қўмита раиси сифатида жавоб беришингиз шарт.
Сиз олдинги раҳбарларнинг хатоларини такрорлаб, сусткашлик қилиб ва фақат статистика билан шуғулланиб асосий бўғинни – мамлакатнинг ва халқнинг бойлигига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни бой беряпсиз”, - деди Ш.Мирзиёев.
“Сизга охирги марта, комплекс раҳбари ва Давлат маслаҳатчиси О.Муродов билан биргаликда, Олий Мажлис билан ўзаро ҳамкорликда 20 кун муддатда, биринчидан, ушбу муаммоли масалаларни бартараф этишни, иккинчидан, сотилган ва сотиб олинган давлат мулкининг ишламаслиги, ундан самарасиз фойдаланилгани ёки талон-тарож қилингани учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий мажбурият ва масъулиятини пухта ишлаб чиқишни назарда тутадиган комплекс аниқ чора-тадбирларни тақдим этишни топшираман”, - қўшимча қилди Президент.