Ўзбекистон Президенти ватандошлар билан учрашди
АҚШга амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Қўшма Штатларда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошларимиз ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.
Очиқ ва жонли мулоқот шаклида ўтган тадбирда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида сўзлаб берди, мамлакатимиз модернизациясига кўмаклашишда ватандошларимизда улкан салоҳият борлигига эътибор қаратди.
Ватандошлар ва уларни бирлаштирувчи ташкилотлар мисли кўрилмаган юқори даражага чиққан Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, хорижда ўзбек тили курсларини ташкил этишга кенг кўмаклашиши, ватандошлар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларини зиёрат қилиши учун махсус турисзм хизматлари тўпламларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
- Биз таълим, тиббиёт, иқтисодиётда олиб бораётган янгиланишлар натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис қилиши керак. Сизлардек хорижда ўқиган, йирик компанияларда ишлаб, тажриба орттирган юқори малакали мутахассислар ҳам юртимизга қайтиб келиши ва бутун салоҳияти билан Янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок эта олишлари учун барча шароитни яратишимиз керак, - деди Президентимиз. – Бугун шу ердаги ҳар бир ўзбекистонликда кучли Ватан ҳисси ва унинг ривожига ҳисса қўшиш иштиёқини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Сизларни Ўзбекистонда кутиб қоламиз.
Учрашув иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган туб ва кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини янада ошириш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Катта компанияларда ишлаётган ва нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиётган ватандошлар ўз фикр ва таклифларини билдирди. Жамият ҳаёти ва иқтисодиётнинг турли масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Қаратилаётган катта эътибор учун самимий миннатдорлик билдириб, ватандошлар Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидладилар.