Ўзбекистон Президенти ва ЖСТ бош директори мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо бўлиши масалаларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг тез фурсатда ЖСТга аъзо бўлиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ўз олдига ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш бўйича қўйган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда ташкилотга қўшилиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини тайёрлаш, шунингдек, жараёнда иштирок этаётган мутахассислар салоҳиятини кучайтириш ва малакасини ошириш масалаларига тўхталди.
ЖСТ бош директори Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган чораларни юқори баҳолади.
Нгози Оконжо-Ивеала ЖСТ Котибияти Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда мамлакатимиз яқин келажакда ташкилотга қўшилишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида Ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишига тайёргарликни жадаллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда қонунчилигимизни ЖСТ битим ва қоидаларига уйғунлаштириш юзасидан келишувга эришилди.