Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 24/06/2016 Ўзбекистон Прeзидeнти Туркманистон Прeзидeнти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди
Ўзбекистон Прeзидeнти Туркманистон Прeзидeнти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 23-июнь куни Кўксаройда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.

Ислом Каримов Туркманистон Президенти билан суҳбатда унинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорликнинг яна бир ифодаси эканини қайд этди. Бу давлатларимиз минтақада ва халқаро миқёсда бир-бирининг нуфузини ошириш ҳамда позициясини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаб келаётганини намоён этишини таъкидлади.

Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари юқори суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Олий даражадаги мулоқотлар мунтазамлик касб этган.

2015-йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 320 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Мамлакатимиздан Туркманистонга автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарлар экспорт қилинмоқда. Туркманистондан юртимизга нефт ва нефт маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Транспорт ва транзит соҳаси иқтисодий алоқаларнинг стратегик йўналишларидан. Ўтган йили Ўзбекистон ташқи савдо юкларини Туркманистон орқали ташиш ҳажми 43 фоиз ўсгани бунинг яққол далилидир.

Учрашувда ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ШҲТ саммитига таклифи учун Президентимиз Ислом Каримовга самимий миннатдорлик изҳор этди. Туркманистон Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг