Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Иқтисод 28/11/2024 Ўзбекистон Президенти “Темир йўл транспорти тўғрисида” янги таҳрирдаги қонунни имзолади

Ўзбекистон Президенти “Темир йўл транспорти тўғрисида” янги таҳрирдаги қонунни имзолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил 27 ноябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни имзолади.

Қонуннинг янги таҳририда “темир йўл транспорти” тушунчасига ўзгартиришлар киритилди ва у энди умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган транспортга ажратилади.

Умумий фойдаланишдаги темир йўл инфратузилмасидан фойдаланиш ва инфратузилма операторининг фаолияти бўйича янги қоидалар белгиланди, шунингдек, ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаб қўйилди.

Қонун темир йўлда юк ташиш ва йўловчилар ташиш тарифларини тартибга солади. Тарифлар эндиликда бозор тамойиллари асосида шакллантирилади, юк вагонларини тақдим этиш ва тезкор ҳамда юқори тезликдаги поездларда йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар учун давлат томонидан тартибга солишдан воз кечилади.

Шунингдек, тарифларни бозор тамойиллари асосида тартибга солишнинг янги механизми жорий этилмоқда.

Қонун давлат бюджети ҳисобидан ички йўналишларда йўловчиларни ташиш хизматлари билан боғлиқ зарарларни қоплашни назарда тутади. Бунда юқори тезликдаги ва тезкор поездлар истисно қилинади.

Ҳужжат темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун инвестицияларни жалб этиш йўналишларини белгилайди, шунингдек, умумий ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар ҳамда вокзалларни қуриш ва реконструкция қилиш учун молиялаштириш манбаларини аниқлайди.

Шунингдек, темир йўл соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш шартлари назарда тутилган. Бунда Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва Транспорт инспекцияси ўртасида ваколатлар аниқ тақсимланган.

Қонун темир йўл транспортида рақобат муҳитини яратиш, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўловчилар ва юкларни хавфсиз ташишни таъминлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Қонун 2025 йил 1 январдан кучга киради, аммо унинг кўпчилик нормалари (зарарларни қоплаш ва чегирмалар билан боғлиқ қисми истисно қилинган ҳолда) 2025 йил 29 майдан — эълон қилинганидан 6 ой ўтгач амал қила бошлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг