Ўзбекистон Президенти ШҲТнинг Самарқанд ва Деҳли саммитларида эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатиш бўйича миссияси бошчилигида мамлакатимизда бўлиб турган ШҲТ бош котиби Чжан Минни қабул қилди.
Бош котиб давлатимиз раҳбарини сайлов муваффақиятли ўтказилгани ва унда ишончли ғалаба қозонилгани билан самимий қутлади.
ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда Ташкилотнинг 2022-2023 йиллардаги Самарқанд ва Деҳли саммитларида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт, инновация ва юқори технологиялар, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, экология ва “яшил” технологиялар, туризм ва маданият соҳаларида ҳамда ШҲТ доирасида хавфсизликни таъминлаш борасидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
ШҲТни модернизация қилиш, Ташкилот тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, кенг минтақамизда ўзаро ишонч ва шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди.