Ўзбекистон Президенти ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин раислигида ўтган тадбирда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, ШҲТ бош котиби Нурлан Ермекбаев ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан очиқ фикр алмашилди.
Хитой Раиси Си Цзиньпин давлатимиз раҳбарига сўз берар экан, мамлакатимиз етакчиси ва халқини Мустақиллик куни билан қутлади ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон юксак суръатда ривожланиб, мамлакатда ҳаёт яхшилангани ва Хитой томони бундан жуда мамнунлигини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз учрашув иштирокчиларини қутлаб, Хитойнинг ШҲТга раислигини юксак баҳолади ва Иккинчи жаҳон урушидаги Буюк Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклади, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларига Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан билдирган самимий табриклари ва эзгу тилаклари учун миннатдорлик изҳор этди.
Мамлакатимиз етакчиси ушбу саммит глобал ноаниқлик шароитида ўтаётганини қайд этди.
Ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда.
– Бундай шароитда ШҲТ давлатларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги – бу фақат қимматли бойлик эмас, балки бизнинг бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг калитидир, – деди Ўзбекистон етакчиси.
ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида давлатимиз раҳбари қуйидаги масалаларга эътибор қаратди.
Энг аввало, ташкилотнинг самарадорлигини ошириш, унинг институтлари ва қарорларни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Ташкилотни трансформация қилиш бўйича Самарқанд саммитида бошланган жараёнлар ушбу муҳим вазифаларни ҳал этишга ёрдам беришига ишонч билдирилди.
Давлатимиз раҳбари ШҲТни изчил кенгайтириш, унинг мулоқот бўйича шериклари таркибига янги аъзоларни, жумладан, бошқа минтақа давлатларини қўшиш зарурлигини, бу ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантиришга ёрдам беришини таъкидлади.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ШҲТнинг устувор йўналишларидан биридир.
– Бугунги кунда келишилган ёндашувларга ҳамда ишонч ва хавфсизликни таъминлашнинг янги механизмларига талаб кучайиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Президенти.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилишга чақирди. Ушбу декларация тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтаришнинг мустаҳкам асосига айланади, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги тарқатмаслик глобал режимига муносиб ҳисса бўлади.
Трансчегаравий таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон етакчиси “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлади. Конструктив мулоқотларни ривожлантириш ва Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш унинг асосий вазифаларидан бири бўлиши мумкин.
Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ҳозирги тенденцияларни ҳисобга олиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
– Биз кенг минтақамизда иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор моделларини шакллантириш тарафдоримиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битимни имзолаш ҳамда минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини тезроқ жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.
Ишончли ишлаб чиқариш-логистика занжирларини ривожлантириш ва ўзаро сармояларни рағбатлантириш мақсадида ШҲТ доирасида Стратегик материаллар бўйича минтақавий марказ, Энергетика консорциуми, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш учун Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи, бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиш ва инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал каби бир қатор янги кўп томонлама тузилмалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини жорий этиш таклиф қилинди.
Давлатимиз раҳбари Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўналишлари бўйича транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, Марказий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқадиган жанубий йўналишдаги йўлакларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
“ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон, бир йўл” стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун катта имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Янги мультимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва “яшил” йўлаклар яратишни назарда тутувчи концепцияни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
ШҲТнинг “яшил” трансформация соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш борасида иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли газларни чиқаришни камайтириш, экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари бўйича минтақавий платформани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.
– Маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва халқ дипломатияси институтини кучайтириш ШҲТ доирасидаги узоқ муддатли шерикликнинг муҳим омили ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Президенти.
Халқ ижодиёти халқаро фестивалларини ўтказиш, “ШҲТ университети” шериклик тармоғининг онлайн кампусини яратиш, инновацион йўналишлар бўйича ҳар йили талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ва олимпиадалар ташкил этиш гуманитар алмашувларни ривожлантириш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришга кучли туртки бериши таъкидланди.
“Сайёҳлик йўлаги” ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилгани билан табриклади.
Хитой Раиси Си Цзиньпин давлатимиз раҳбарига илгари сурилган муҳим ташаббуслар учун миннатдорлик билдириб, уларни биргаликда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Мажлис якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Хусусан, Тяньцзинь декларацияси, ШҲТни 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ҳамда ҳамкорликнинг турли соҳаларида шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим кўп томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.
#Шавкат Мирзиёев