Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, қардош Қозоғистон раҳбарияти ва халқини тарихий сана – давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан яна бир бор самимий табриклади.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида қарор топган ва чуқур тарихий илдизларга эга ишончли ва самарали муносабатлар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб бериши ва ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида бугун жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Қозоғистон ташқи ишлар вазири самимий қабул учун Президентга миннатдорлик билдириб, давлатимиз раҳбарига ва Ўзбекистон халқига Президент Нурсултон Назарбоевнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромини этказди.
Ерлан Идрисов давлатимиз раҳбарини Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор муборакбод этиб, сайловда Ўзбекистон халқи мамлакатни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар изчил давом эттирилишини кенг қўллаб-қувватлашини бутун дунёга намоён этганини таъкидлади.
Учрашувда мамлакатларимиз яқин қўшни ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлар сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистонда, бутун Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан, иқтисодий, ижтимоий тараққиёт ва фаровонликдан бирдай манфаатдор экани қайд этилди.
Шу нуқтаи назардан, Қозоғистоннинг 2017-2018-йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзоси этиб сайлангани ва бу Ўзбекистон томонидан кенг қўллаб-қувватлангани Марказий Осиё давлатлари манфаатларини глобал миқёсда ҳимоя қилиш учун янги имкониятлар яратади.
Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига оид, авваламбор, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорликнинг барча йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашди. Хусусан, савдо соҳасида йирик шериклар бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон 2016-йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,079 миллиард АҚШ долларидан ошгани эътиборга олиниб, бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди.
Томонлар икки ва кўп томонлама серқирра ҳамкорликнинг бугунги даражасидан мамнуният билдириб, 1998-йил 31-октябрдаги абадий дўстлик ва 2013-йил 14-июндаги стратегик шериклик тўғрисидаги давлатлараро шартномалар руҳида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этдилар.
Учрашувда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.