Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 26 июнь куни “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси доирасида қабул қилинган Қарордан кўзланган мақсад – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси, шунингдек БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштиришдан иборат.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш ишларини давом эттириш лозим.
Шунинг учун Президент Қарорида, авваламбор, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февралда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, “Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир”.
Давлат раҳбари ўшанда Ўзбекистон Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиши ҳақида баёнот берганди. Қарорда бу борада бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилган.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Омбудсман ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси Факультатив протоколига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласи бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши зарурлиги белгиланган.