Ўзбекистон Президенти Покистон делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни Покистон Ислом Республикаси Қуролли кучлари Қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал Асим Мунир бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида юқори даражали меҳмон давлатимиз раҳбарига Покистон Президенти Ориф Алвий ва Бош вазир вазифасини бажарувчи Анвар Какарнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда илгари қабул қилинган “йўл харитаси”га мувофиқ ўзаро савдонинг юқори ўсиш суръатини давом эттириш, инфратузилмавий лойиҳаларни тезлаштириш ҳамда икки мамлакат етакчи корхоналарининг кооперация алоқаларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди.
“Термиз – Мозори-Шариф - Пешовар” темир йўлини барпо этиш лойиҳасини илгари суриш мақсадида амалий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.