Ўзбекистон Президенти МДҲ бош котиби билан учрашув ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг кузатувчилар миссияси бошчилигида мамлакатимизда бўлиб турган ушбу ташкилот бош котиби Сергей Лебедевни қабул қилди.
Учрашув аввалида МДҲ бош котиби давлатимиз раҳбарини Ўзбекистон Президенти сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, унга бахт-саодат, мамлакатимиз барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида муваффақиятлар тилади.
Сайлов халқаро стандартларга тўлиқ мос ҳолда ўтгани қайд этилди.
Сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ҳамда овоз бериш натижалари аҳоли амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини кенг қўллаб-қувватлаётгани ва унга ишонишидан далолат экани алоҳида таъкидланди.
МДҲ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстликнинг 40 дан зиёд битимларини имзолади, 24 та соҳавий органларига қўшилди. Куни кеча Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар сайлов комиссиялари раҳбарлари маслаҳат кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Учрашувда кўп томонлама шерикликни кенгайтиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.