Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 14/09/2023 Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё етакчилари саммити доирасида расмий, ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этди
Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё етакчилари саммити доирасида расмий, ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этди

Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё етакчилари саммити доирасида расмий, ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этди

Душанбе шаҳридаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида расмий тадбирлар, концерт ҳамда минтақа мамлакатларида ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда фахрий меҳмон – Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони билан тақдирлаш маросимида иштирок этдилар.

Фахрий нишон 2021 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида таъсис этилган бўлиб, у билан минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида ҳисса қўшган шахслар мукофотланади.

Сўнг етакчилар “Кўҳи Борбад” саройида мамлакатларимиз санъат усталари иштирокидаги “Дўстлик оқшоми” концерт дастурини биргаликда томоша қилдилар.

Фольклор-этнографик жамоалар ва эстрада артистларининг чиқишлари, миллий қўшиқ ва рақслар халқларимиз қардошлиги ва маданий муштараклигининг ёрқин ифодаси бўлди.

Тадбирлар дастури “ЭКСПО Марказий Осиё 2023” кўргазмасига ташриф билан давом этди. У ерда Президентларга минтақада ишлаб чиқарилаётган асосий турдаги маҳсулотлар намойиш этилди.

«Made in Uzbekistan» бўлимида юртимиз заргарлик, тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва туризм тармоқлари салоҳияти акс этган.

Кўргазмадан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон маҳсулотлари ҳам жой олган. Экспозициянинг умумий майдони 1800 квадрат метрдан ортиқ.

Танишув якунида давлат раҳбарлари мутасаддиларга ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар бердилар. 

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги концерт, Хотин-қизлар мулоқоти учрашуви, иқтисодий форум, маҳсулотлар кўргазмаси, транспорт вазирлари учрашуви, ректор ва олимлар форуми ҳамда шу кунларда Душанбеда ўтаётган бошқа маданий-гуманитар тадбирлар Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган саммит сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг