Ўзбекистон Президенти Малайзия билан иқтисодий шериклик салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳимлигини қайд этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Малайзия Бош вазирининг ўринбосари, энергетик ўтиш ва сув ресурсларини трансформация қилиш вазири Фадиллоҳ бин Юсуф бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Малайзиянинг нуфузли делегацияси икки томонлама музокаралар ўтказиш ҳамда Самарқанд шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Давлат хизмати бўйича форумида иштирок этиш учун расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Учрашув аввалида Фадиллоҳ бин Юсуф давлатимиз раҳбарига Бош вазир Анвар Иброҳимнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон-Малайзия кўп қиррали муносабатларини жорий йил февраль ойида Куала-Лумпурга амалга оширилган олий даражадаги ташрифда эришилган келишувлар доирасида янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Турли даражалардаги алоқалар, ташрифлар ва алмашинувлар фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ошди. Қўшма корхоналар сони ва авиақатновлар кўпайди. Эртага икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида бизнес форуми бўлиб ўтади.
Иқтисодий ҳамкорликда мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш ҳамда савдо, инновациялар, "яшил" энергетика, нефть-газ ва кимё, геология, сув ресурсларини бошқариш, электроника ва яримўтказгичлар саноати, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини фаол илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
#Шавкат Мирзиёев