Ўзбекистон Президенти ислоҳотлар дастурини илгари суришда Жаҳон банки билан кенг кўламли шерикликнинг аҳамиятини қайд этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассанини қабул қилди.
Янги Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни самарали илгари суришда Ўзбекистон билан Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги кенг кўламли стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Антонелла Бассанини юксак лавозимга тайинлангани билан самимий қутлади ва катта муваффақиятлар тилади.
Кейинги йилларда икки томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришда катта ютуқларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон банкнинг энг йирик бенефициарларидан биридир – лойиҳалар портфели 3 баробарга кенгайди ва бугунги кунда 11 миллиард доллардан ошди. 2026 йилга қадар Шериклик дастури 4 миллиард долларлик устувор лойиҳаларни ўз ичига олган.
Жаҳон банки соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, банк, энергетика, транспорт, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган янгиланишларга кўмаклашмоқда.
Иқлим ўзгариши ва ривожланиш бўйича Мамлакат ҳисоботини тайёрлаш якунланмоқда. Банк иштирокида тараққиёт институтлари билан амалий ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича самарали механизм – «Мамлакат платформаси» ишга туширилди.
Вице-президент Антонелла Бассани сермаҳсул ҳамкорликнинг бугунги даражасини юқори баҳолади ҳамда Жаҳон банки мамлакатимиздаги ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини изчил ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.
2030 йилга қадар муддатга белгиланган мақсадли вазифаларга мувофиқ камбағалликка қарши курашиш, қишлоқлар ва ўрта шаҳарлар инфратузилмасини модернизация қилиш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигига кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш ва таълимни ислоҳ қилиш лойиҳалари диққат марказида турибди.
«Яшил» энергетикани жорий этиш, ер ислоҳотини, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Марказий Осиёда минтақавий инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.