Валюта курслари 04/09/2025
$1 – 12374.55
UZS – -0.39%
€1 – 14425.01
UZS – -0.23%
₽1 – 153.13
UZS – -0.76%
Қидириш
Ўзбекистон Президенти Ғазодаги можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Президенти Ғазодаги можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Президенти Ғазодаги можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 1 сентябрь куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти плюс» форматидаги йиғилишдаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугунги нотинч халқаро шароитда ШҲТ барқарор ва адолатли жаҳон тартиботини таъминлашнинг ишончли таянчига айланаётганини таъкидлади. Низо ва можаролар тўлқинини тўхтатиш, ишончни қайта тиклаш, тинч-тотув ҳаётга интилиш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва меъёрларини ҳурмат қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Бу ўринда Ўзбекистон Раҳбари Ғазо секторидаги вазият тобора кескин тус олаётганини ва гуманитар аҳвол ёмонлашаётганини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев Фаластин–Исроил муаммосини «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида адолатли ҳал этишгина Яқин Шарқдаги можарони тўхтатиши мумкинлигини яна бир бор қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Фаластиндаги, жумладан Ғазо секторидаги вазият жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида турибди. Бугунги кунда Фаластин аҳолисининг дори-дармон, озиқ-овқат, тоза сув ва бошқа ҳаётий ресурслардан фойдаланиш имконияти чекланган.

Бу ўринда, Ўзбекистон ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён ушбу можарони халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тинч йўл билан тезроқ ҳал этиш тарафдори бўлиб келмоқда. Ўзбекистон Президенти Ғазодаги мураккаб гуманитар ҳолатни яхшилаш, минтақада тинчлик ва барқарорлик қарор топишига оид интилишларини ва таклифларини Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби йирик халқаро ташкилотлар минбарларидан туриб хам билдириб ўтган.

Ўзбекистон томони можарони муроса ва сиёсий-дипломатик воситалар билан хал қилишга чақирибгина қолмай, Ғазо секторидаги мавжуд оғир гуманитар холатни яхшилаш учун ўзининг амалий ва беғараз ёрдамини хам кўрсатмоқда.

Жумладан, 2023 йилда Шавкат Мирзиёев Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилди. 2024 йилда Президентимиз ташаббуси билан 100 нафар фаластинлик ярадор аёллар ва болалар ўз ҳамроҳлари билан бирга Ўзбекистонга вақтинча эвакуация қилинди. Улар реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилди.

Ўзбекистон Раҳбарияти бундай ишлар билан чекланмаган ҳолда, фаластинлик меҳмонларнинг жамиятимизга мослаша олишларига кўмак кўрсатиш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўрмоқда. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 14 августида Ўзбекистонга келган Фаластин фуқароларига доимий ғамхўрлик кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ёрдамни мувофиқлаштириш мақсадида фаластинлик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни Ўзбекистонга яшашга мослаштириш жараёнига кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси тузилди. Ушбу комиссиянинг ишчи органи этиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги белгиланди. Жойларда меҳмонлар билан бевосита ишлаш «маҳалла еттилик» ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан амалга оширилади. Ҳар бир оила учун бир ой муддатда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, уларнинг бўлинмалари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишнинг индивидуал режаси ишлаб чиқилади.

Президент, бундан ташқари, мамлакатда Фаластин фуқароларининг яшаш шароити ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида махсус жамғарма ташкил этилишини маъқуллади. Мазкур жамғарма маблағлари меҳмонларга шароит яратиш ва зарур хизматлар кўрсатиш, уларнинг харажатларини қоплаш, моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа бир қатор қўллаб-қувватлаш тадбирларига йўналтирилади.

Ўзбекистон Раҳбарининг Ғазодаги гуманитар вазиятни янада барқарорлаштириш, можаронинг тез фурсатларда муроса йўли билан ҳал этишга қаратилган чақирувлари, шунингдек Фаластин аҳолисига кўрсатаётган юксак эҳтироми ва амалий ҳаракатлари олийжаноб ўзбек халқининг ҳоҳиш-иродасини яққол намоён этиб турибди.

Ўзбекистон Президентининг тегишли ташаббуслари билан Ғазода мураккаб аҳволга тушиб қолган аҳолига хар томонлама беғараз гуманитар кўмак кўрсатилаётгани мамлакатимизнинг умуминсоний қадриятларга хурматини, миллатлараро ва динлараро ўзаро тотувлик тамойилларига, қўшни мамлакатлар билан аҳил қўшничилик сиёсатини олиб боришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Яқин Шарқдаги ушбу можаронинг халқаро хуқуқ меъёрлари асосида тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган бундай жадал амалий ҳаракатларининг туб замирида тинчликсевар прагматик ташқи сиёсат ётибди. Тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурган минтақада изчил тараққиёт, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш ва эртанги кунга ишонч бўлади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ШҲТ минбаридан туриб тинчлик ва осойишталик эртанги кун тараққиётининг асосий калити эканлигини, бу ўринда турли низо ва можароларнинг тўлқинини узиш, Ғазодаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этилишига қаратилган мурожаати тинчликсевар ўзбек халқининг ҳоҳиш-иродасини, мақсад ва истакларини ўзида акс эттирди. Бу ўринда Давлатимиз Раҳбарининг жахон ҳамжамиятининг можарони ҳал қилишда янада фаол ҳаракатларни амалга оширишга оид чақируви кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда халқаро хавфсизликни таъминлаш масалаларига эътиборни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Сарвар Камолов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг