Ўзбекистон Президенти “Citigroup” корпорацияси раҳбарини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида АҚШнинг энг йирик “Citigroup” молиявий корпорацияси раиси Жон Дуганни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон банклари ва давлат корхоналари облигацияларининг халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилишига кўмаклашган корпорация билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси “Citigroup”нинг мамлакатимизда “Citibank” шўъба банки офисини очиш бўйича режаларини қўллаб-қувватлади.
Учрашувда банк-молия соҳасини ривожлантириш, фонд бозоридаги қимматли қоғозлар жозибадорлиги ва ликвидлигини ошириш учун самарали воситаларни жорий этиш, мамлакатимиз капитал бозорига хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
АҚШ корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатларини кўрсатган ҳолда “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.