Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 18/10/2023 Ўзбекистон Президенти “China Energy” концерни билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлади
Ўзбекистон Президенти “China Energy” концерни билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон Президенти “China Energy” концерни билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташрифнинг иккинчи кунидаги тадбирлар доирасида “China Energy Engineering Corporation” раиси Сун Хайлян билан учрашув ўтказди.

Замонавий энергетика, инфратузилма ва саноат объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш борасида катта тажрибага эга Хитойнинг «China Energy» етакчи корпорацияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда. Компания активларининг қиймати 150 миллиард доллардан ортиқ.

Учрашувда компания Ўзбекистон энергетикасини технологик модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

«China Energy» Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида қуёш ва шамол электр станциялари, Сирдарё вилоятида иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Компания Навоий вилоятида гибрид электр станциясини барпо этишда иштирок этиш ниятида.

Бундан ташқари, жорий йил сентябрь ойида Самарқанд вилоятида цемент ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватлар биргаликда ишга туширилди.

“China Energy” билан шериклик истиқболлари, шу жумладан инфратузилма объектларини модернизация қилиш, энергияни сақлаш тизимларини ташкил этиш, энергетика тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш дастури доирасида малакали мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Сув хўжалигида кооперация қилиш, саноатнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс дастурни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг