Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Боку шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича COP29 конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Черногория Президенти Яков Милатович билан учрашув ўтказди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқиш учун Ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида бизнес форуми билан биргаликда ўтказиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича асосий битимлар тайёрланади, устувор йўналишларда саноат кооперациясини ривожлантиришга доир "йўл харитаси" ишлаб чиқилади.
Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.