Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 02/02/2017 Ўзбекистон Президенти Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раисини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раисини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Президенти Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раисини қабул қилди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэммни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзA хабар беради.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлаб, АҚШ етакчи компаниялари вакиллари делегациясининг ташрифи ва ҳамкорликда бизнес-форум ўтказилгани томонларнинг Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро фойдали савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги ва интилиши ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.

Йигирма йилдан кўпроқ вақт аввал ташкил этилган Америка – Ўзбекистон савдо палатаси бугун иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма дастур ҳамда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишнинг муҳим механизмига, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида ишончли кўприкка айланди.

Айни пайтда АҚШнинг «Boeing», «General Motors», «General Electric», «CNH Industrial», «Hyatt», «Hilton» ва бошқа кўплаб жаҳонга машҳур компаниялари мамлакатимизда муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ўтган йили ушбу компаниялар билан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган қўшма лойиҳалар самарасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 70 фоизга ошди ва 454 миллион долларга етди.

Мамлакатимизда Америка Қўшма Штатлари капитали иштирокида ташкил этилган 164 корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган АҚШ инвестициялари ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

Давлатимиз раҳбари ва Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси ўртасида бўлиб ўтган музокарада савдо-иқтисодий, инвестиция, технология, инновация ва таълим соҳаларида узоқ муддатли ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида фикр алмашилди.

Иқтисодиётнинг агросаноат комплекси, электротехника, фармацевтика ва бошқа тармоқларида АҚШнинг етакчи ташкилот ва компаниялари тажрибаси, тўғридан-тўғри инвестициялари ва замонавий технологик ютуқлари асосида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

Халқаро стандартларга мувофиқ юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро муносабатларни, аввало, иқтисодиёт соҳасида мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси давлатимиз раҳбарига самимий қабул ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида шериклик муносабатларини қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, Ўзбекистон бозорида АҚШ компаниялари иштирокини кенгайтириш учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди.

Кэролин Лэмм Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг барча вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг