Валюта курслари 25/12/2024
$1 – 12909.80
UZS – 0.06%
€1 – 13415.86
UZS – -0.09%
₽1 – 129.09
UZS – 1.17%
Қидириш
Спорт 24/08/2016 Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ватанига қайтди
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ватанига қайтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган спортчиларимиз мамлакатимизга қайтиб келди. 23-август куни Тошкент аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчилари тантанали кутиб олинди.

“Рио – 2016”да Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимиз минглаб кутиб олувчилар ҳамроҳлигида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига етиб келади. Карнай-сурнай садолари янграйди. Ёрқин ғалабалари билан бутун халқимизни хушнуд этган спортчиларимизга зар тўн кийдирилди.

1996 йили Атлантада ўтган ёзги Олимпия ўйинларида юртдошларимиз биттадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритган. 2000 йил Сидней шаҳри мезбонлик қилган баҳсларда спортчиларимиз битта олтин, битта кумуш ва иккита бронзани мамлакатимизга олиб келган. Афинада 2004 йили ўтказилган беллашувларда спортчиларимиздан икки нафари шоҳсупанинг биринчи, яна шунчаси учинчи ва бир нафари иккинчи поғонасини банд этган бўлса, 2008 йилги Пекин Олимпиадасида улар 6 медални қўлга киритган: 1 олтин, 2 кумуш, 3 бронза. Олимпиячиларимиз 2012 йили Лондондан битта олтин, иккита бронза билан қайтиб келган. “Рио – 2016”да юртдошларимизнинг 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронзани қўлга киритгани Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шукуҳи билан яшаётган халқимизга муносиб совға бўлди. Эътибор берсангиз ёшларимиз Олимпиададан ҳеч қачон медалсиз қайтмаган.

Мустақиллик йилларида спорт соҳасида амалга оширилган ишлар натижаси таҳлили учун яна бир мисол. “Рио – 2016”да дунёнинг икки юздан зиёд давлатидан спортчилар қатнашди. Улар орасидан 87 давлат спортчиларигина шоҳсупага кўтарилди. Олтин медални қўлга киритганлар янада кам – 59 та. Ўзбекистон спортчилари 13 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни банд этди.

Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё давлатлари орасида тўртинчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

Боксчиларимиз 3 олтин, 2 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритиб, Куба, АҚШ, Буюк Британия ва Россия каби бокс энг ривожланган давлат спортчиларини ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринни эгаллади.

Рио-де-Жанейрода ўтган Олимпия ўйинларида 70 нафар спортчимиз академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳслашди. Улар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ушбу мусобақада илк маротаба иштирок этган ёш спортчилар кўплиги мамлакатимиз спорт салоҳияти юксалиб бораётганидан далолат беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг