Валюта курслари 30/04/2025
$1 – 12933.16
UZS – -0.12%
€1 – 14719.23
UZS – 0.16%
₽1 – 158.28
UZS – 0.86%
Қидириш
Ўзбекистон 30/04/2025 Ўзбекистон ODIN рейтингида дунёда 12-ўринга кўтарилди

Ўзбекистон ODIN рейтингида дунёда 12-ўринга кўтарилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар бўйича халқаро Open Data Inventory (ODIN) рейтингида 2024 йил натижаларига кўра, 198 та мамлакат орасида 83 балл билан 12-ўринга кўтарилди ҳамда Марказий Осиёда 1-ўринни сақлаб қолди.

Open Data Inventory (ODIN) – очиқ маълумотлар сиёсатини илгари суриш, расмий статистика камчиликларини аниқлаш, миллий статистика органлари билан маълумотлардан фойдаланувчилар ўртасида мулоқотни яхшилаш ва очиқликни баҳолайди.

Мазкур рейтингда Ўзбекистон 2023 йил якунига нисбатан (195 та мамлакат орасида 70 балл билан дунёда 30-ўринни эгаллаган) 18 та поғонага кўтарилган. Бу натижага қуйидагилар орқали эришилган:

Статистик маълумотлар қамровини таъминлаш борасида:

– Мамлакатимизни ижтимоий ва иқтисодий ўсишини тўлиқ баҳолаш имконини берувчи муайян турдаги статистик маълумотларнинг ҳудудлар, тармоқлар ва йиллар кесимида эълон қилиниши;

– Статистик маълумотларнинг охирги 5 ва 10 йил учун динамик қаторларда эълон қилиш;

– Статистик маълумотларни биринчи ва иккинчи яъни Ўзбекистон мисолида вилоят ва туман даражасида эълон қилиш.

Статистик маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш борасида:

– Статистик маълумотларнинг метамаълумотлар билан бирга элон қилиниши;

– Статистик маълумотларни фойдаланувчилар учун қулай форматларда эълон қилиш;

– Статистик маълумотларни юклаб олиш имкониятларини кенгайтириш.

Фойдаланувчиларнинг юқоридаги талаб ва истакларини бажариш, уларга қулай имкониятлар яратиш учун Миллий статистика қўмитаси томонидан “Статистика” интеграллашган ахборот тизими (СИАТ) портали ишга туширилди.

Бугунги кунда SIAT ахборот тизимида жами 2 900 дан ортиқ расмий статистик кўрсаткичлар 3 та тилда фойдаланувчиларга қулай ва бепул шаклда юклаб олиш учун 5 хил форматда метамаълумотлар билан эълон қилиб борилмоқда.

Мазкур порталнинг ишга туширилиши ва унинг имкониятлари Open Data Watch ташкилоти экспертлари томонидан ижобий баҳоланган ҳамда Open Data Inventory рейтингида Ўзбекистоннинг ижобий натижа қайд этишига муҳим омил бўлган.

Ўзбекистон Open Data Inventory (ODIN) рейтингида:

– 2017 йилда 180 та мамлакат орасида 18 балл билан 167-ўринни;

– 2018 йилда 178 та мамлакат орасида 19 балл билан 168-ўринни;

– 2020 йилда 187 та мамлакат орасида 63 балл билан 44-ўринни;

– 2022 йилда 192 та мамлакат орасида 66 балл билан 40-ўринни;

– 2023 йилда 195 та мамлакат орасида 70 балл билан 30-ўринни эгаллаган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг