Қатарнинг “Ас-Садд” жамоаси уй ўйинларини ўтказадиган стадионда бўлиб ўтган учрашув, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов хотираси ҳурмати учун бир дақиқалик сукут билан бошланди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса қора боғичлар таққан ҳолда ўйинни ўтказишди.
Ўйиннинг дастлабки бўлими Қатарликлар фаоллигида ўтди. Биринчи бўлимда тўпга эгалик қилиш ва дарвоза томон берилган зарбалар бўйича устунлик майдон эгалари томонида бўлди. Ўзбекистон қарши ҳужумлардан фойдаланишга уринди. Шунга қарамай, ҳар икки жамоа дарвозаси ишғол қилинмади.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистон ҳужумлар сонини оширди. Самвел Бабаян жамоа таркибида бир неча ўзгаришларни амалга оширди. Хусусан, Сардор Рашидов ўрнига майдонга тушган Александр Гейнрих Ўзбекистон ўйинининг ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлди.
Учрашувдаги ягона гол 86-дақиқада киритилди. Хитойнинг “Бейжинг Гоан” клуби ҳимоячиси Егорь Кримец ўзининг терма жамоа таркибида расмий учрашувлардаги дастлабки голини киритди – 0:1.
Ушбу ғалабадан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси “А” гуруҳи пешқадамига айланиб олди, деб ёзади ЎФФ Матбуот хизмати.