Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 57-сессиясида мамлакат парламент делегациясига раҳбарлик қилди.
Сессия давомида демократик ривожланишда халқаро сайлов кузатувининг ўрни ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг демократик принципларни илгари суриш, ҳамда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти муҳокама қилинди. Танзила Норбоева Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ташаббусларни тақдим этди.
МДҲ Парламентлараро Ассамблея кузатув миссиялари ҳозирги кунга қадар 100 дан ортиқ сайлов кампанияларини мониторинг қилишда иштирок этган. Уларда Ўзбекистон парламенти аъзолари фаол иштирок этиб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Сайлов органлари раҳбарларининг маслаҳат кенгаши фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон парламент делегацияси йиғилишда Ассамблеянинг кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган модель қонунлари ва тавсияларини қўллаб-қувватлади. Улар мамлакат манфаатларини акс эттириб, қонунчилик ташаббусларини ривожлантиришга хизмат қилади.