Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Мазкур қарор республикага туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилишга мўлжалланган.
Ҳужжатда қайд этилишича, транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларда учинчи мамлакатга авиачипта ва виза (зарурат бўлганда) мавжуд бўлиши ҳамда консуллик йиғимларини тўлашлари зарур бўлади.
Қарорда айтилишича, Ўзбекистон тасдиқланган туризм дастурлари бўйича танишув турлари учун транзит йўловчиларнинг аэропорт чегара ҳудудидан (8:00 дан 21:00 гача) ташқарига қисқа муддатли назорат қилинадиган чиқиши тартибини тасдиқлайди.
Президент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда ушбу бандни амалга ошириш бўйича, шу жумладан, фуқаролари келишлари билан қисқа муддатли кириш визалари бериладиган мамлакатлар рўйхатини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилишни топширди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 10 февралидан Ўзбекистон 7 мамлакат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режимини татбиқ қилмоқда. Шунингдек, 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон 39 мамлакат фуқаролари учун соддалаштирилган туристик визани расмийлаштиришни татбиқ этди.