Ўзбекистон компаниялари Ветнамда экспорт музокаралари олиб бормоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ветнамнинг Ҳо Чи Минҳ шаҳрида бўлиб ўтаётган “25th International Shoes & Leather Exhibition – Vietnam” халқаро кўргазмаси Ўзбекистон чарм саноати учун нафақат иштирок, балки экспорт дипломатиясининг янги босқичи сифатида аҳамиятли бўлмоқда.
«Ўзчармсаноат» уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган “Made in Uzbekistan” павильони кўргазма меҳмонлари ва иштирокчиларининг жиддий эътиборини тортди. 10 га яқин маҳаллий корхона ўзининг тайёр чарм, желатин ва махсус пойабзал маҳсулотларини намойиш қилди. Биринчи кунлардаёқ бир қатор янги харидорлар, улгуржи импортчилар ва ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар билан конструктив музокаралар бошланди.
Ветнамдаги чарм, пойабзал ва сумка ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирган LEFASO уюшмаси — минтақадаги энг йирик тармоқ бирлашмаларидан бири. Унинг вице-президенти билан бўлиб ўтган музокарада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр чарм маҳсулотларини LEFASOга аъзо бўлган 2 000 дан зиёд корхонага тўғридан-тўғри етказиб бериш механизмлари муҳокама қилинди. Бу таклиф — фақат экспорт эмас, балки стратегик таъминот занжирига кириш, яъни Ўзбекистон маҳсулотларининг барқарор ва узоқ муддатли харид тизимига қўшилиши демакдир.
Ҳиндистоннинг йирик чарм харидори — STAR EXPORTS компанияси Ўзбекистондан 5 та контейнер вет-блуэ шаклидаги ярим тайёр чарм сотиб олиш ниятини билдирди. Бу — экспорт учун катта ҳажмдаги биринчи қадам ҳисобланади. Компания ҳозирда “Global Avangard” МЧЖ билан тўғридан-тўғри шартнома шартлари, нарх, логистика ва технологик кўрсаткичлар юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Синов намуналари асосида доимий етказиб бериш шартлари келишилаётгани бу ҳамкорликнинг амалий босқичга ўтаётганидан далолат беради.
Европа чарм саноатида ўз ўрнига эга бўлган A+B HIDES компанияси Ўзбекистондан финиш (тайёр) шаклидаги чарм маҳсулотларини харид қилишга жиддий қизиқиш билдирди. Ушбу музокараларда “Hamkor Nur Savdo” ва “Global Avangard” корхоналари иштирок этди. Германия компанияси нафақат маҳсулот сифати, балки экологик стандартларга мувофиқлик, сертификатлар ва тезкор логистика имкониятларини ҳам юқори баҳолади. Айни дамда синов юкламалари юбориш ва техник кўрсаткичларни таққослаш жараёни кетмоқда.
Осиё бозорида пойабзал ва тайёр тери маҳсулотлари билан шуғулланувчи JETSHOES компанияси Ўзбекистондан тайёр финиш шаклидаги қўй териси харид қилиш бўйича расмий қизиқиш билдирди. Ушбу компания экологик тоза ва қайта ишланган маҳсулотларга ихтисослашган. Очиқ мулоқот давомида ўз талабларига мос техник параметрлар юборилди ва эндиликда Ўзбекистон томони уларга мос намуна жўнатишга тайёрланмоқда.
Ҳиндистоннинг JAY DEE LEATHER компанияси Ўзбекистоннинг DSM ва Top Qualityбрендлари билан тайёр чарм маҳсулотларини етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борди. Синов намунаси юбориш юзасидан келишувга эришилди. Эътиборли жиҳати шундаки, JAY DEE LEATHER маҳсулотни нафақат харид қилиш, балки уни маркетинг платформалари орқали кўп тармоқли савдо нуқталарига чиқариш, яъни Осиё бозорида тарғиб қилишни ҳам режалаштирмоқда.