25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган "Марказий Осиё ва Хитой" давлат раҳбарларининг онлайн саммитида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу тадбирдаги иштирокларини бир қанча муҳим жиҳатлари мавжуд.
Бу энг аввало Президентимизнинг “Марказий Осиё ва Хитой” форматининг фаолиятига нисбатан юқори даражадаги эътибордир. Давлатимиз Раҳбарининг ўтказилган тадбирдаги иштироки шубҳасиз унинг мазмунан бойишига ва сифат жиҳатдан янги босқичга чиқишига туртки бўлади.
Иккинчидан, Ўзбекистон яна бир бор Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилиш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканлигини тасдиқлади. Бугун Ўзбекистон минтақа давлатлари билан нафақат иккитомонлама балки кўптомонлама форматларда ҳам ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда ҳамкорлик қилишни қўллаб қувватлайди.
Учинчидан, Ўзбекистон маъсулиятли ва ишончли ҳамкор эканини яна бир карра намоён қилди. Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади. Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб Хитой билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларга эга. Ушбу ҳамкорликнинг ижобий натижаси сифатида Ўзбекистон ва Хитой савдо айланмасининг 1991 йилдан 140 мартага ўсгани ва 2021 йил якуни бўйича 7,4 млрд. долларни ташкил этганини айтиш мумкин. Қолаверса Ўзбекистон Хитой билан БМТ, ШҲТ ва бошқа кўптомонлама тузилмаларда ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келади.
Тўртинчидан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ўз нутқларида билдирган ташаббусларининг ҳозирги вақтда дунёда ва минтақамизда рўй бераётган долзарб муаммоларнинг қамраб олганлиги ва уларнинг ечимига қаратилганлигидир. Шу нуқтаи назардан Президентимиз томонидан илгари сурилган 10 дан ортиқ ташаббуслар ва таклифлар барча Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой Халқ Республикасининг манфаатларига тўлиқ жавоб беради.
Хусусан, Ш.Мирзиёев Марказий Осиё ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида “Марказий Осиё ва Хитой” формати доирасида янги иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф қилдилар. Бу ташаббуснинг замирида минтақа давлатларининг Хитой билан савдо-иқтисодий муносабатларда барчанинг манфаатларини таъминлаш ғояси ётади. Ҳеч кимга сир эмаски Хитой билан савдо муносабатларида ҳеч қайси бир минтақа давлати ижобий сальдога эмас. Шу нуқтаи назардан янги стратегия Марказий Осиё давлатларининг Хитойга тайёр маҳсулотлар экспортини оширишнга, саноат кооперацияларининг умумий маконини яратишга ва учинчи давлатлардан импорт қилинаётган маҳсулотларнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилади.
Хитой 2013йилдан ҳозирги вақтга қадар дунёда “Бир макон бир йўл” ташаббуси доирасида умумий қиймати 843 млрд. долл. бўлган 13 минг лойиҳани амалга оширган. Марказий Осиё Хитой билан чегарадош бўлишига қарамасдан минтақада умумий қиймати 136 млрд. долл. бўлган 261 та лойиҳа амалга оширилган. Рақамлардан кўриниб турибдики, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилгани йўқ. Шу нуқтаи назардан янги иқтисодий мулоқот стратегияси Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янги босқига олиб чиқиши шубҳасиз.
Бундан ташқари Президентимизнинг рақамлаштириш технологияларини кенг қўллаш, хусусан Хитой бой тажрибасидан фойдаланилган ҳолда уни иқтисодда ва савдода татбиқ этиш, ҳамда мавжуд IT парклар қошида ушбу соҳада ишлайдиган қўшма лойиҳалар амалга ошириш таклифлари ўта муҳим ва долзарб ҳисобланади. Биринчидан, бугун дунёда барча давлатлар ҳанузгача пандемиянинг салбий оқибатларини бошидан кечирмоқда. Иккинчидан, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой аҳолиси сонининг доимий ошиши, янги ишчи ўринларини яратишни тақазо этади. Жаҳон Банкининг берган маълумотларига кўра, интернетга уланишнинг 10%га ошиши ялпи ички маҳсулотнинг 1% ошишини таъминлайди. Яъни рақамлаштириш иқтисодий ўсишга, янги ишчи ўринларини ташкил этишга ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз “Марказий Осиё ва Хитой” саммитида нафақат минтақа балки халқаро хавфсизликни таъминлашда муҳим бўлган Афғонистондаги вазиятга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Ш.Мирзиёев Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашуви ва ушбу мамлакатда гуманитар инқироз кучайишининг олдини олиш Ўзбекистон олдида турган устувор масала эканлигини алоҳида таъкидладилар. Давлатимиз Раҳбари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда минтақа давлатлари ва Хитой саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ғоят муҳимлигига яна бир эътибор қаратдилар. Ушбу йўналишда амалий қадамни қўйиш мақсадида, Ўзбекистоннинг Хитой билан ҳамкорликда Афғонистона инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлиги айтилди.
Афғонистонда тинчликнинг ўрнатилиши Хитой учун геостратегик аҳамиятга эга бўлиб, нафақат хавфсизлик, иқтисод масалалари балки транспорт соҳасида ҳам кенг имкониятлар очилишига сабабчи бўлади. Хусусан “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги қурукликдаги 3 та транспорт йўналишларидан иккитаси айнан Афғонистон ҳудудидан ўтади, бу эса ўз навбатида афғон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлашни Хитой учун ўта долзарб масалага айлантиради.
Бахтиёр Мустафаев, Марказий Осиё халқаро институтининг директори ўринбосари