Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 02/08/2016 Ўзбекистон Жаҳон кўкрак сути билан боқиш ҳафталигини нишонламоқда
Ўзбекистон Жаҳон кўкрак сути билан боқиш ҳафталигини нишонламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Жаҳон кўкрак сути билан боқиш ҳафталигига бағишланган матбуот анжуманини ўтказдилар.

Бутун дунёдаги ёш болаларни кўкрак сути билан боқиш ва саломатликларини яхшилаш масалаларини илгари суриш учун 170 дан зиёд мамлакатлар Жаҳон кўкрак сути билан боқиш ҳафталигини ҳар йили 1-августдан 7-августгача нишонлайдилар. 2016-йилдаги ушбу ҳафталикнинг мавзуси – “Кўкрак сути билан боқиш – барқарор ривожланиш негизи”. Тадбирнинг асосий мақсади Барқарор ривожланишнинг янги мақсадлари ва улар чақалоқлар ва эрта ёшдаги болаларни кўкрак сути билан боқишга нақадар боғлиқлиги юзасидан одамларга ахборот беришдан иборат.

“Кейинги йигирма йил давомида ЮНИСЕФ Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Жумладан, мамлакатда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида болалар ва аёллар ҳуқуқларини амалга оширишда жиддий тараққиётга эришилган”, – деб таъкидлайди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Берина Арсланагич-Ибишевич. “ЮНИСЕФ фақат кўкрак сути билан боқиш патронаж ҳамшираларининг ташрифлари режаси қамраб олган муҳим амалиётлар қаторига киритилганлигини мамнуният билан таъкидлайди”.

Жаҳон кўкрак сути билан боқиш ҳафталиги Ўзбекистоннинг барча минтақаларида кенг нишонланмоқда. Тиббиёт ходимлари, оилалар ва ҳамжамият томонидан болага нисбатан дўстона шифохоналарни сертификатлаш, ота-оналар учун брифинг ва маслаҳатлар ўтказиш, оналарни ўзаро қўллаб-қувватлаш гуруҳлари учрашувларида муҳокамалар уюштириш каби тадбирлар ўтказилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Болага нисбатан дўстона шифохоналар ташаббусини (БНДШТ) фаол қўллаб-қувватлайди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг 96 та соғлиқни сақлаш муассасалари БНДШТ сертификатларига эга. Яна иккита шифохона – Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги вилоят перинатал марказига ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерилик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг Намангандаги филиалига ушбу ҳафта давомида болага нисбатан дўстона тиббиёт муассасаси сифатида тан олинганлиги юзасидан сертификат тақдим этилади.

“Бирмунча узоқ вақт давомида, яъни 2 ёшга тўлгунича, кўкрак сути билан боқиладиган болалар қисқа муддат эмизиб боқилган ёки сунъий маҳсулотлар билан озиқлантирилган болаларга нисбатан касалланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича анча паст кўрсаткичларга эга”, – деб изоҳлайди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Дилором Аҳмедова.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ҳамжамиятларда фақат кўкрак сути билан боқишни илгари суриш масалаларида тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ривожлантириш мақсадида самарали ҳамкорликни давом эттирмоқдалар. Қўшма лойиҳани амалга ошириш жараёнида мамлакатнинг барча минтақаларида фаолият юритувчи 3800 га яқин тиббиёт ходимлари фақат кўкрак сути билан боқишнинг афзалликлари бўйича керакли маслаҳатлар беришга ўргатилди. Бу амалиёт оналар ва оилаларнинг бошқа аъзолари ўртасида кўкрак сути билан боқишни илгари суришда ҳамширалар салоҳиятини оширишга хизмат қилди.

Ўзбекистонда 2015 йилда фақат кўкрак сути билан боқишнинг ўртача даражаси 54,4 фоизни ташкил қилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра бу масалада энг юқори кўрсаткичлар Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган (60 фоиздан юқори).

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг маълумотларига кўра мамлакатда оналар туғруқхоналардан чиқаётган даврда фақат кўкрак сути билан боқиш амалиёти даражаси 90 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Шундай бўлсада, кейинги ойларга бориб ушбу кўрсаткич камайиб боради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг