Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегацияси вазир ўринбосари и.ф.д. Умид Обидхўжаев бошчилигида Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Илғор ечимлар Марказига ташриф буюрди.
Ташриф давомида барқарор молиялаштириш, ҳалол сертификатлаш саноатини ривожлантириш ва амалиётда муваффақиятдан ўтган инновацион иқтисодий ечимларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Малайзия: иқтисодий ислоҳотлар учун етакчи намуна
Жаҳон банки прогнозларига кўра, Малайзия 2028-йилгача юқори даромадли давлатлар қаторига кириши мумкин. Бунга мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва кучли валюта билан бирга инновацион иқтисодий сиёсати сабаб бўлмоқда. Малайзиянинг молиявий барқарорлик, мувозанатли ривожланиш ва илғор бошқарувга асосланган муваффақияти Ўзбекистон учун ўрганишга арзийдиган тажрибадир.
ИТБ Илғор ечимлар Марказининг ўрни
Марказ Малайзиянинг муваффақиятли иқтисодий ечимлари ва тажрибасини ИТБга аъзо давлатлар билан бўлишиш бўйича асосий платформа ҳисобланади.
Марказнинг тажрибаси қуйидаги йўналишларда муҳим аҳамият касб этади:
Учрашув давомида малака ошириш дастурлари, ҳалол сертификатлаш саноатини ривожлантириш стратегиялари ва барқарор молиялаштириш бўйича ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорликни амалий натижаларга айлантиришга келишиб олдилар.
Малайзиянинг иқтисодий муваффақиятларидан ўрганиш ва ИТБ Илғор ечимлар Марказининг тажрибасидан фойдаланиш Ўзбекистоннинг диверсификацияланган, барқарор ва инновацион иқтисодиёт сари ҳаракатланишида муҳим аҳамият касб этади.