Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 12/05/2025 Ўзбекистон – Италия: суғурта тизимини жорий этиш йўлида амалий келишувлар

Ўзбекистон – Италия: суғурта тизимини жорий этиш йўлида амалий келишувлар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимларидан иборат делегация аъзолари амалий ташриф билан айни пайтда Италияда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Италия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳамда соҳага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Мулоқотларда икки давлат ўртасидаги аграр ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги суғуртаси тизимини жорий этиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Учрашувларда аграр сектор учун молиявий ҳимоя механизмларини яратиш, қишлоқ хўжалигидаги асосий рискларни бошқариш ҳамда суғурта тизимини амалиётга самарали татбиқ этиш йўллари атрофлича кўриб чиқилди.

Шунингдек, томонлар қуйидаги устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар:

суғурта тизими учун тажрибали мутахассислар ва мустақил экспертларни тайёрлаш;

янги ташкил этилаётган суғурта жамғармаси ходимларини ўқитиш ва уларнинг салоҳиятини ошириш;

тренинг дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

суғурта тизимини самарали ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш жараёнига халқаро экспертларни жалб этиш.

Ушбу ташаббуслар қишлоқ хўжалигида молиявий хавфсизликни таъминлаш, соҳага сармоя жалб қилиш ва ишончли суғурта механизмларини шакллантиришда муҳим омил бўлади.

Шунингдек, делегация Италиядаги қишлоқ хўжалиги рискларини ўрганиш ва таҳлил қилишга ихтисослашган илмий-тадқиқот институти вакиллари билан ҳам учрашув ўтказди. Мазкур институт қишлоқ хўжалиги суғуртаси бўйича методикаларни ишлаб чиқиш, риск ва индексларни ишлаб чиқиш ва баҳолаш, шунингдек, соҳага оид эксперт кадрларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Учрашувда институт билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар салоҳиятини ривожлантириш ва Ўзбекистонда илмий асосланган суғурта тизимини шакллантириш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, муассаса томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, суғурта фондлари ва тизим фаолиятига оид тўлиқ маълумотлар делегация вакилларига тақдим этилди. Келгусида ушбу ҳужжатлар асосида қўшма ҳуқуқий ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалий тажриба алмашиш режалаштирилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг