Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 07/12/2016 Ўзбекистон Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича Халқаро танлов ўтказади
Ўзбекистон Ислом Каримов ҳайкалини яратиш бўйича Халқаро танлов ўтказади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасида ватанимизнинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳайкалини яратиш бўйича Халқаро танлов ўтказилади.

Халқимизнинг самимий истаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, она Ватанимиз тараққиёти, эл-юртимиз манфаати йўлидаги унутилмас буюк тарихий хизматларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Фанлар академияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси ва кенг жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танловни (кейинги ўринларда Халқаро танлов деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқланди.

Ташкилий қўмита (А.Арипов) ўн беш кун муддатда Халқаро танловнинг тадбирлар режаси, харажатлар сметаси, низоми, регламенти ва дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлади.

Белгилаб қўйилсинки, тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Бадиий академиясининг 2016-2017 йиллар учун харажатлар сметасида назарда тутилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ва хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тақдим қилинган Халқаро танлов ҳамда унда иштирок этиш тартиби тўғрисидаги маълумотларнинг тегишли хорижий ижодий ташкилотларга йигирма кун муддатда етказилишини таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташкилий қўмита буюртманомаларига биноан Халқаро танлов ўтказилиши жараёнида таржимонлар иштирокини таъминлайди.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг буюртманомаларига биноан Халқаро танлов доирасида хорижий давлатлардан келтириладиган юклар божхона тўловларидан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро танловнинг хорижий қатнашчиларига кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминлайди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Халқаро танловнинг хорижий қатнашчиларини ва унга алоқадор юкларни тўловларнинг барча турларидан озод қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро танловнинг ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ тадбир ўтказиладиган жойларда жамоат тартибини ҳамда унинг қатнашчилари ва меҳмонларига хизмат кўрсатувчи автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Халқаро танлов жараёнларини кенг ёритиш тавсия этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг