Ўзбекистон илк бор глобал стартап-экотизимлар рейтингида Топ-100ликка кирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон илк бор Global Startup Ecosystem Index 2025 — глобал стартап-экотизимлар рейтингида Топ-100ликка кирди.
StartupBlink платформаси томонидан эълон қилинган Global Startup Ecosystem Index 2025 янгиланган рейтингида инновацион иқтисодиёт соҳасидаги дунё етакчилари аниқланган.
Индекс Crunchbase, Semrush каби глобал ҳамкорлар ҳамда 100 дан ортиқ мамлакатнинг давлат идоралари маълумотлари асосида шакллантирилган.
2025 йилда Ўзбекистон муҳим ютуққа эришди — мамлакат илк бор дунёдаги энг яхши юзта стартап-экотизимлар қаторига кирди. Ўзбекистон умумий индексда 12 поғона юқори кўтарилиб, 98-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон рекорд даражада ўсиш суръатларини намоён этди ва Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган стартап-марказ ҳамда бу соҳадаги жаҳон миқёсидаги асосий илғор қатнашчилардан бирига айланди.