Эслатиб ўтамиз, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси бугун 2016-йилнинг 18-октябрь куни Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлади. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.
ИҲТ ТИВКнинг амалдаги раиси Қувайт расман ўз раислик ваколатларини Ўзбекистонга топширди.
Шундан сўнг сўзга чиққан Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Камилов нутқ сўзлади.
Аввало, Ўзбекистон пойтахти – Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг барча иштирокчиларини қутлашга ижозат бергайсиз.
Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига мусулмон давлатларнинг самарали ва нуфузли форуми сифатида қарайди. Ҳам ислом оламида, ҳам турли эътиқод вакиллари ўртасида бағрикенглик, маданиятларни ўзаро ҳурмат қилиш, тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда мазкур ташкилотнинг роли ва аҳамияти беқиёсдир.
ИҲТ ТИВКда раислик қилувчи давлат функцияларини бажариш биз учун улкан шараф деб биламиз. Биз ушбу вазифани Ислом тамаддуни ривожига мамлакатимиз томонидан қўшилган улкан тарихий ҳиссани эътироф этилиши, замонавий халқаро муносабатлар тизимида мамлакатимизни ҳурматли, масъулиятли ва нуфузли давлат сифатида қаралишига ишонч деб ҳисоблаймиз. Айни пайтда ташкилотни ривожлантириш ва унинг олдидаги муҳим вазифаларни ҳал этишга ўз ҳиссамизни қўшиш учун имконият деб биламиз.
ТИВКнинг амалдаги раиси сифатида ўз шерикларимиз билан ҳамкорликда ИҲТ салоҳиятини янада кенгайтириш ва ҳамкорликнинг янги истиқболларини очишга муносиб ҳиссамизни қўшиш ҳамда Ташкилотимиз Низомида белгиланган олий мақсадларни амалга оширишга кўмаклашишга умид қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи жаноб Шавкат Мирзиёев ИҲТдаги раислигимизнинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил таништирди.
Умид қиламизки, раислигимиз давомида ташкилотнинг жорий кун тартибидан ўрин олган масалалар бўйича сезиларли муваффақиятга ва мусулмон уммати бирлигини янада мустаҳкамлашга эриша оламиз, дея якунлади ўз нутқини Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Камилов.