Учрашувдан мақсад ўзаро фойдали ҳамкорлик , “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК хизматларини ва брендини реклама қилиш ва бошқа биргаликда олиб бориладиган лойиҳалар воситасида Европа бозорига олиб чиқиш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбир “Euronews” Ахборот агентлиги (АА) тўғрисидаги видеоролик намойиши билан бошланди, унда агентликнинг Лиондаги штаб-квартираси, кадрлар ва журналистлар таркиби (400 журналист, аналитик ва таржимонлар), кўрсатувларни намойиш этиш тармоғи (дунёнинг 13 та тилида, шунингдек янги студиялар ва бошқа устувор йўналишлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилган.
- Ҳозирги вақтда биз “Ўзбектуризм” Миллий компанияси билан ҳамкорлик қилмоқдамиз,- деб қайд этди “Euronews” АА тижорат департаменти менеджери Анна Мерсалова, - мамлакатингизга сайёҳларни жалб этиш учун турли мавзуларда видеорепортажлар тайёрлаймиз, менинг Ўзбекистонга ташриф буюришимдан мақсад ҳам шу. Мен Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси мутахассислари билан учрашиш имконияти берилганидан мамнунман ва ўзаро самарали ҳамкорлик қилишимизга умид билдираман.
У шунингдек радиокўрсатувларнинг бир қатор воситаларини санаб ўтди, айниқса “Uzbekistan airways” брендининг www.euronews.com ахборот агентлиги веб-сайтида жойлаштириш имкониятига алоҳида эътибор қаратди, шунда МАК хизматларидан фойдаланишни истаган ўқувчи кўрсатилган ҳавола бўйича авиакомпаниянинг “www.uzairways.com” расмий сайтига ўтиши мумкин бўлади.
Музокаралар давомида ҳар иккала томон бундан кейинги ҳамкорликнинг мумкин бўлган вариантлари ва жиҳатларини кўриб чиқдилар.