Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 05/11/2016 “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК иккинчи “Boeing-787 Dreamliner” авиалайнерини қабул қилиб олди
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК иккинчи “Boeing-787 Dreamliner” авиалайнерини қабул қилиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 5-ноябрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси иккинчи “Boeing-787 Dreamliner” авиалайнерини қабул қилиб олди.

“Boeing” корпорацияси заводида иккинчи “Boeing-787 Dreamliner” авиалайнерини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Бош директорининг ўринбосари Геннадий Харлап, “Uzbekistan airways technics” авиакорхонаси директорининг ўринбосарлари Андрей Маргачев ва Валерий Косовлар қабул қилиб олишди.

Бугун янги “Boeing-787 Dreamliner” авиалайнери “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўнди. Шу билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК иккинчи “Boeing-787 Dreamliner” русумидаги авиалайнерини қабул қилиб олди. Тўхталишларсиз Сиэтл(АҚШ)дан Тошкент(Ўзбекистон)гача 12 соат давом этган мазкур парвозни “Boeing 787” учиш отрядининг учувчи-инструктори Андрей Тян, иккинчи учувчи Юрий Горьков ва авиакомпаниянинг бош штурмани Станислав Гурфинкель жамоасидан иборат экипаж бажарди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида миллий авиакомпания самолётлари сафига энг замонавий ва шинам “Boeing-787 Dreamliner” ҳаво кемаси қўшилди. Мазкур лайнер шу йилнинг 5-сентябридан Урганч, Бухоро ва Нукус шаҳарларига дастлабки парвозларни амалга оширган бўлса, 9-сентябрь куни Алмати (Қозоғистон) шаҳрига биринчи халқаро авиаташувни амалга оширди.

Бугун “Boeing” компанияси Ўзбекистоннинг йўловчи ташийдиган замонавий самолётлар етказиб бериш, улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш борасидаги ишончли ҳамкоридир. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси айни пайтда 15 та Boeing самолётидан фойдаланмоқда. Миллий авиакомпания томонидан амалга оширилаётган барча ташувларнинг ярмидан кўпи айнан ушбу ҳаво лайнерлари ҳиссасига тўғри келмоқда ва бу авиакомпаниянинг минтақадаги йирик ҳамда жадал ривожланаётган авиакорхоналардан бири сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Янги самолёт узоқ ва ўта узоқ халқаро йўналишларда фойдаланилади, бу эса ўз навбатида Тошкент – Нью-Йорк каби ўта узоқ масофаларга ҳам қўнмасдан етиб олиш имконини беради.

“Boeing 787 Dreamliner” кенг фюзеляжли, икки моторли реактив йўловчи самолёти ҳисобланади. Йўловчиларнинг максимал сони: 250 нафардан 330 нафаргача.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Boeing” компанияси иккита “Boeing-787-800 Dreamliner” самолётлари ва битта захира двигателини харид қилиш борасида шартнома имзолашган. Шартнома нархи 246,4 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг