«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан мамлакатимиздаги мавжуд сув салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда электр энергияси тақчиллиги шароитида узлуксиз электр энергияси ишлаб чиқариш борасида ГТЭСларни ишга тушириш юзасидан Хитой Халқ Республикаси компанияси билан англашув меморандуми имзоланишига эришилди.
Куни кеча «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда ХХРнинг «China Southern Power Grid International (HK) Co., Ltd» компанияси Бошқаруви раиси Чжан Танжи томонидан Юқори Пскем ГТЭС, Қаратерен ГТЭС, Юқори Пскем ГЭС лойиҳалари бўйича ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Маълумот учун: Хитойнинг «China Southern Power Grid International (HK) Co., Ltd» компанияси ГТЭС қуриш бўйича юқори тажрибага эга ҳамда Халқаро Fortune Global-500 рейтингида 89-ўринда туради.
Мазкур компания юқори даражадаги тажрибага эга ҳисобланиб, бир қатор йирик гидро электр станциялар барпо эткан, шу жумладан «Уч дара» (қуввати 22,5 ГВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариши 105 млрд кВтꞏсоат электр энергияси) ГЭС қурилишида иштирок этган.
Мазкур меморандумга асосан, Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида, хорижий инвестициялар ҳисобига юқори энергетик салоҳиятга эга, умумий қиймати 1 млрд 640 млн АҚШ долларига тенг бўлган умумий қуввати 820 МВт бўлган 3 та лойиҳа: Юқори Пскем ГТЭС (қуввати 200 МВт), Қаратерен ГТЭС (500 МВт) ҳамда Юқори Пскем ГЭС (120 МВт) – гидроиншоотлари қурилади.
Меморандум доирасида дастлаб ўзбек-хитой компаниялари томонидан қўшма ишчи гуруҳи таркибини шакллантириш борасида келишиб олинди.
Жорий йилда томонлар ўртасида тузилган қўшма ишчи гуруҳи томонидан лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда. Бу жараёнга халқаро тоифадаги эксперт-мутахассисларни ҳам жалб этилиши кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳалар тўлиқ қувватда 2030 йилга қадар ишга туширилиши белгиланган.
ГТЭСларнинг ишга туширилиши натижасида йиллик ўртача 3 млрд кВтꞏсоат электр энергияси ишлаб чиқирилиши натижасида 835 млн 655 минг м3 ўртача йиллик табиий газ тежалади. Шунингдек, атмосферага чиқувчи зарарли ис гази миқдори камайишига эришилади.
Ушбу лойиҳалар тўлиқ қувватда ишга туширилгандан сўнг, 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади ҳамда 1 млн 600 мингдан ортиқ аҳоли узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.
Бунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар чекка ҳудудларидаги аҳолиси сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминланади. ГАЭСларнинг ишга туширилиши натижасида истеъмолнинг энг юқори юклама (тиғиз) пайтида, айниқса, совуқ ва иссиқ мавсумда содир бўладиган электр энергиясидаги узилишларнинг олдини олишга муҳим ҳисса қўшади.
Юқори қувватдаги мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши электр таъминотидаги муаммоли ҳудудларга йўналтирилади. Бугунги кунда ўсиб бораётган мамлакатимиз аҳолисини ҳисобга олган ҳолда, энергия истеъмолининг тобора ортиб боришида юзага келаётган электр энергияси муаммоларига ижобий ечим бўлади.
Айтиш жоизки, мазкур амалий ҳамкорлик натижасида мамлакатимиз гидроэнергетик салоҳияти шаҳдам қадамлар билан янада ортади ҳамда кўзда тутилган янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали тоза ва арзон электр энергия манбаини ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошишига эришилади.