Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Иқтисод 14/04/2016 Ўзбекистон демократлаштириш йўлидан дадил бораётганининг навбатдаги ёрқин тасдиғи
Ўзбекистон демократлаштириш йўлидан дадил бораётганининг навбатдаги ёрқин тасдиғи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократлаштириш ва модернизация қилиш ислоҳотларида парламентимиз муҳим ўрин тутади. Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва 2010 йилнинг ноябрь ойида Олий Мажлис томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларнинг стратегик дастуридир. Давлат бошқаруви соҳасидаги ўзгаришлар натижасида давлат ҳокимиятининг асосий субъектлари – Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Олий Мажлиси, ҳукуматининг ваколатлари янада мақбуллаштирилди, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими ривожланди.

Бу жараёнда давлат ҳокимияти тизимида парламент, вакиллик органларининг роли кучайтирилди, ҳукумат, ижро этувчи органларнинг мустақиллиги, ваколатлари кенгайтирилди ҳамда қабул қилинган қонунларнинг сўзсиз ижро этилиши ва самарадорлиги учун масъулияти кучайтирилди.

O‘zLiDeP Олий Мажлис ўз ишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариши лозимлигини вақтни ўзи тақозо этмоқда, деб ўйлайди. Қонунчилик палатасидаги энг катта фракцияга эга партия сифатида биз давлат бошқаруви органларининг фаолияти, қабул қилинаётган қонунларнинг, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш давлат дастурларининг сўзсиз ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишда етакчи бўлишимиз лозим.

Партиянинг ушбу принципиал позициясидан келиб чиқиб, фракциямиз парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва бошқарув органлари раҳбарларининг қонунчилик ижросининг бориши тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда тинглаш, депутатлик сўровларига батафсил жавоблар олишни парламентнинг кундалик амалиётига айлантиришга барча саъй-ҳаракатларини ишга солиши лозим.

Куни кеча O‘zLiDeP фракциясининг аъзолари ташаббуси ва фаол иштироки билан ишлаб чиқилган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши бу борадаги ишларнинг муҳим ва мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжат унда Олий Мажлис палаталари назорат функцияларини амалга оширишнинг замонавий шакл ва усуллари мустаҳкамлаб қўйилгани, жумладан мамлакатнинг энг муҳим иқтисодий ҳужжати – Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишга доир нормалар белгилангани билан аҳамиятлидир.

Мутхтасар қилиб айтганда, O‘zLiDeP мамлакатимизниг бошқа сиёсий партиялари қатори ушбу Қонуннинг қабул қилиниши билан мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни шакллантиришни жадаллаштириш, демократик тартибга эришиш, демократик институтлар ва қадриятларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини амалда таъминлаш, энг муҳими, одамларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш учун кучли механизмга эга бўлди.

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Ушбу қонуннинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва рўёбга чиқарилиши қонун устуворлиги ва қонунийлик принципларини таъминлашга хизмат қилади, бу эса тараққиётнинг “ўзбек модели”ни амалга ошириш, янги жамият барпо этишнинг энг муҳим шартидир. Қолаверса, Президентимиз Ислом Каримов томонидан ушбу қонунчилик ҳужжатининг имзоланиши Ўзбекистонда ҳеч ким ва ҳеч нимадан кам бўлмаган демократик давлат ва фуқаролик жамияти изчил барпо этилаётганидан далолат беради, деб ўйлайди O‘zLiDeP.

O‘zLiDeP фракцияси ушбу қонунни илгари суриш ва ишлаб чиқишда иштирок этганидан биз янада ғурурланамиз. Партиямизнинг фикрича, ислоҳотларнинг бош мақсади нафақат демократик ҳуқуқий давлат, балки қонун адолат манбаи ва мезони бўлган адолатли жамият барпо этишдадир. Шу сабабли O‘zLiDeP, депутатлик корпусимиз қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашда кучли механизм бўлиб хизмат қиладиган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинишидан манфаатдор эди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, парламент назоратини амалга оширишда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятнинг ўзаро муносабатларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент олдидаги масъулиятини кучайтирувчи механизмларни жорий этиш имконини беради. Шунингдек, қонуннинг қабул қилиниши парламент назорати тўғрисидаги нормаларни унификация қилиш, парламент назоратини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш имконини берди.

O‘zLiDePнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши парламент назоратини амалга ошириш механизмларини янада кенг очиб бериш, парламент назоратини амалда рўёбга чиқариш, парламент назоратини амалга ошириш, жумладан Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг алоҳида долзарб масалалари бўйича ҳисоботларини тинглаш ва муҳокама қилиш, Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича йиллик ҳисоботларини кўриб чиқишга доир аниқ механизмларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлашга имконият яратди.

Қонуннинг муҳим жиҳати шундаки, у парламент назоратининг қонун ости ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиш ва парламент текшируви каби шакларининг ҳуқуқий асосларини яратди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан парламент назоратини амалга ошириш чегаралари ҳам белгиланди, бу ҳокимиятлар бўлиниши, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тамойилларини таъминлашга хизмат қилади.

Шу тарзда, сиёсий партиялар фракциялари ташаббуси билан қабул қилинган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун нафақат Олий Мажлис ва депутатлик корпуси ишини янада фаоллаштириш учун кучли омил, балки бутун дунёда эътироф этилган тараққиётнинг “ўзбек моделини” амалга ошириш, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг муҳим қисми сифатида мамлакат парламентининг роли, ваколатлари ва назорат функцияларини кучайтиришга қаратилган ишларнинг навбатдаги босқичидир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг