Ўзбекистон делегацияси О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университетига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад Россиянинг ҳуқуқ соҳасидаги ушбу энг машҳур олий таълим муассасаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилишдир.
Учрашув 18 май куни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Делегация аъзолари Москва давлат юридик университетининг «Инновацион юриспруденция» консорциуми фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур олий ўқув юрти ректорати вакиллари билан музокаралар олиб борилди.
Мулоқот асносида Россия томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳимлигини қайд этди. Шу муносабат билан бир қатор амалий ташаббуслар билдирилди.
Хусусан, ўзбекистонлик ёш тадқиқотчиларнинг жорий йил ноябрь ойида Москва Давлат университети билан ҳамкорликда ўтказиладиган Кутафин ўқишларида, шунингдек ҳар йили апрель ойида бўлиб ўтадиган Кутафин номидаги Москва юридик форумида иштирок этишлари юзасидан фикр юритилди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз аспирантлари мавзули лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган ёзги ва қишки мактабларда қатнашиш учун таклиф этилди.
Россия томонининг яна бир ташаббуси – Халқаро ҳуқуқ ва унинг Марказий Осиёда амалга оширилиши мавзусида давра суҳбати ўтказишдан иборат бўлди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳам бир қатор ташаббусларни илгари сурди ва бу амалий таклифлар Москва давлат юридик университети вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Жумладан, Москва давлат юридик университети ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг даврий нашрларида ўзаро ҳамкорликда мақолалар эълон қилиб бориш таклиф қилинди.
Ўзбекистон томонининг биргаликда Марказий Осиё бўйича юридик соҳага ихтисослашган журнал нашр этиш, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари билан Москва Давлат юридик университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тузишга доир таклифлари ҳам маъқулланди.