Ўзбекистон болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатиш бўйича Глобал иттифоққа қўшилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон болалар ҳуқуқи ва хавфсизлигини муҳофаза қилиш йўлида муҳим қадам ташлаб, болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатиш бўйича Глобал иттифоққа қўшилган 46-давлат бўлди. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Иттифоққа қўшилиш мамлакатнинг мазкур соҳада эришган салмоқли ютуқларига асосланади. Жумладан, 2025 йил май ойида «Болаларни ҳар қандай зўравонлик шаклларидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ҳозирда эса ҳар бир болани самарали ҳимоя қилишга қаратилган турли соҳаларни қамраб олувчи стратегия ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
ЮНИСЕФ ушбу ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистон Ҳукумати ҳамкори сифатида иштирок этмоқда. Мақсад — болалар учун уйда, мактабда ва жамиятда хавфсиз ҳамда қўллаб-қувватловчи муҳит яратишдир.