Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистон Вазирлар Кенгаши раисининг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдусалом Ҳанафий Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов билан музокаралар ўтказди.
Толибон медиа маркази маълумотига кўра, учрашувда сиёсий ҳамкорлик, иқтисодий алоқалар ва маданий лойиҳалар каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Афғонистон томонининг баёнотига кўра, Абдусалом Ҳанафий икки давлат ўртасидаги тарихий ва дўстона муносабатларни таъкидлаб, уларнинг минтақа учун аҳамиятини қайд этди.
Ўз навбатида, Абдулла Арипов Ўзбекистоннинг Афғонистон табиий ресурсларини ўзлаштириш ва Афғонистон ҳудуди орқали бошқа мамлакатларга товар транзитини таъминлаш бўйича манфаатдорлигини билдирди.
Толибон режими дунё ҳамжамияти, шу жумладан, Ўзбекистон томонидан ҳали расман тан олинмаган бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар ривожланишда давом этмоқда. Иқтисодиёт ва савдога алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Абдусалом Ҳанафийнинг бу ташрифи унинг Ўзбекистонга икки ҳафта олдинги сафаридан кейин амалга оширилди. Ўшанда у ўзбек расмийлари билан музокаралар ўтказган ва афғон тадбиркорлари билан учрашиб, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган эди.