Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 25/05/2016 «Ўзбекинвест» компанияси Прага клубининг йиғилишида иштирок этди
«Ўзбекинвест» компанияси Прага клубининг йиғилишида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси хорижий суғурта компаниялари илғорт тажрибаларини ўз фаолиятида жорий этиш ва халқаро суғурта бозорида ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида хорижий молиявий ташкилотлар билан билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда.

«Ўзбекинвест» компанияси кўп йиллардан бери Халқаро экспорт кредитлари ва инвестициялар суғуртачилари Прага клубининг (Берн Иттифоқи) тўла ҳуқуқли аъзосидир. Унинг доирасида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг давлат экспорт-кредит агентликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди ва ривожлантириб бормоқда.

Компания мутахассислари жорий йилнинг май ойида Варшава шаҳрида Польша Республикаси экспорт-кредит агентлиги (KUKE) томонидан ташкил этилган Шарқий ва Марказий Европа инвестиция ва кредитлар суғурталовчиларининг Берн иттифоқи Прага клубининг навбатдаги йиллик йиғилишида иштирок этди. Шунингдек, унда 61 мамлакатдан 76 та экспорт-кредит агентликларининг 200 дан ортиқ вакиллари қатнашди.

Йиғилиш давомида турли экспорт-кредит агентликлари ўртасида бизнес мулоқот ва маълумотлар алмашиш доирасини кенгайтириш имконини берувчи Берн Иттифоқи Прага клубининг интеграциялашуви, клуб аъзоларининг ривожланиш ва ҳолатни янада ривожлантириш прогнозига интилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига бериладиган экспорт кредитларни суғурталаш маркетинги каби масалалар муҳокама этилиб, йиғилишнинг Шарқий Европа, МДҲ ва Яқин Шарқ давлатлари иштирокчилари тажрибаси кўриб чиқилди.

Шунингдек, «Ўзбекинвест» компанияси ривожланишининг асосий жиҳатлари бўйича тақдимот намойиш этилиб, суғурталаш ва қайта суғурталаш соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва бизнес мулоқот ўрнатиш мақсадида экспорт-кредит агентликлари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.

Иштирокчилар келажакда мамлакатимизда инвестиция ва суғурта савдоси тизимини янада такомиллаштириш, халқаро молиявий ташкилотлар ва экспорт кредит агентликлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича малака ва билимларини оширдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг