Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 19/10/2023 «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг гранти ҳисобига шамол электр станциясини қуради
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг гранти ҳисобига шамол электр станциясини қуради

Жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтаётган «Бир макон, бир йўл» учинчи халқаро форуми тадбирлари доирасида Хитой Халқ Республикаси ҳукумати томонидан «Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қуввати 20 МВтлик «Чорвоқ» шамол электр станциясини қуриш» лойиҳасига Хитойнинг 28 млн АҚШ долларига тенг грант маблағларини ажратиш бўйича ўзаро Келишув мақомига эга Нота алмашинув маросими бўлиб ўтди.

Ушбу «яшил энергия» лойиҳаси, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2022 йилда Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон ва Хитой давлатлари раҳбарларининг музокараларида белгилаб берилган савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш векторларидан бирига ҳамоҳангдир.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан Хитойнинг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги билан мазкур лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш бўйича тегишли тайёргарлик ишлари амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 октябрдаги ПФ-5848-сон Фармонига мувофиқ мазкур лойиҳа Хитой Халқ Республикасининг грант кўмаги асосида амалга оширилувчи устувор лойиҳалар рўйхатига киритилди.

Хитой томонининг грант ажратиш тамойилларига мувофиқ, лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ва лойиҳага грант маблағлари ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида 2022 йилнинг сентябрь ойида хитойлик мутахассислардан ташкил топган лойиҳани баҳолаш гуруҳи лойиҳа майдонида бўлиб, ушбу лойиҳани ижобий баҳолади.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Хитойнинг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги раҳбарининг ўринбосари Дэн Боцин бошчилигидаги делегациянинг Тошкент шаҳрига ташрифи якунларига кўра, Хитойнинг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида устувор грант лойиҳалари бўйича ўзаро англашув Меморандуми имзоланиб, «Чорвоқ» шамол электр станцияси қурилиши 2023-2024 йилларда амалга оширилувчи устувор лойиҳалар рўйхатига киритилди.

Ушбу лойиҳа доирасида Хитой гранти ҳисобига мазкур йўналишдаги технологияларнинг янги авлодига мансуб 4 дона, ҳар бирининг энергетик қуввати 5 МВт га тенг бўлган шамол электр станцияларини «тайёр ҳолда» (под ключ) қурилиши кўзда тутилган. 

Лойиҳа майдонидан ташқаридаги ишлар (йўл қурилиши, подстанция модернизацияси в бошқ.) «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Лойиҳа натижалари бўйича йилига ўртача 43 млн. кВт.соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда 20 та янги ишчи ўринлари яратилади. 

Бундан ташқари, мазкур шамол электр станциясининг камида 20 йиллик эксплуатацияси давомида тахминан 580 000 тонна кўмир ёки 1 840 000 баррел нефть ёки 12 млн м3 табиий газ шартли равишда иқтисод қилинади.

Мазкур энергетик иншоот комплекси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Бурчмулла массивида бунёд этилиши кўзда тутилган бўлиб, шамол генераторлари 18 минг қишлоқ хонадонлари эҳтиёжларини қондиришга етарли электр энергияси ишлаб чиқаришдан ташқари, ҳудуддаги туристик зонага ҳам ўзгача кўрк беради.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг