Бугун, 15 февраль санасида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва Корея Республикасининг сув лойиҳаларини амалга оширувчи йирик «K-water» корпорацияси ўртасида мамлакатимизда янги қурилиши режалаштирилган Хўжакент гидротўплаш станцияси (ГАЭС) лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан икки томонлама музокаралар ўтказилди.
Дастлаб, мазкур лойиҳа юзасидан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳа Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Хўжакент объектида барпо этилади. ГАЭСнинг қуввати 200 МВт бўлиб, йиллик ўртача ишлаб чиқариш қуввати 400,0 млн. кВт.соат электр энергиясига тенг.
Икки томонлама бўлиб ўтган учрашувда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раҳбарияти ҳамда «K-water» компаниясининг вице-президенти Lee Jong Jin, компания бош директори Cheon Geun Ho, компания катта менежери Kim Jeong Myeong, глобал бизнес тармоғи бўйича бош директор ўринбосари Kim Jeong Myeong лар иштирок этишди.
Музокаралар якуни бўйича ҳамкорлик шартномаларини муҳокама қилиш учун дастлаб Хўжакент ГАЭС қурилиши лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисида икки томонлама қарор қабул қилинди.
Музокаралар якунида Хўжакент ГАЭС қурилиши лойиҳаси юзасидан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва Корея Республикасининг «K-water» корпорацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 2021 йил 16-18 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Жанубий Кореяда бўлиб, мазкур ташрифи чоғида «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш, инновациялар ва юқори технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик бўйича дастур ва лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратган эди.
Мазкур меморандум ва ўзаро ҳамкорлик ишлари Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида юртимизда «яшил» энергетика соҳасини келгусида янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури доирасида, шунингдек, Жамият томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган йирик лойиҳалардан биридир.