Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 23/09/2024 «Ўзбекгидроэнерго» АЖ: куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича йиғилиш ўтказилди

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ: куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича йиғилиш ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил 21 сентябрь куни «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида жорий куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда гидроэнергетика объектларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Жамият ижро аппарати ва энергия ишлаб чиқарувчи корхоналар масъул раҳбар ва ходимлари иштирок этишди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда Жамият тизимидаги энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳолати танқидий кўриб чиқилди.

Йиғилишда жорий йилда Жамият тизимидаги энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан республика энергия балансига мувофиқ белгиланган режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилиши таъминланаётганлиги, шу билан бирга, эришилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, эндиликда асосий куч ва эътиборни жорий йил куз-қиш мавсумида узлуксиз электр энергия етказиб беришга қаратиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Жорий куз-қиш мавсумида мавжуд гидроэнергетик салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда, барча ресурсларни жалб қилиш, айниқса, микро ГЭСлар қувватларидан максимал даражада фойдаланиш талаб этилади. Сабаби, улар сув кам бўлган даврда ҳам барқарор энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Йиғилишда Жамият тасарруфидаги тизим корхоналарида 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсуми учун амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари ҳолати бирма-бир кўриб чиқилиб, мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.

Бу борада, 2024 йил 14 августда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибидаги ГЭС ва сув омборларини 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсуми даврида барқарор ишлашга тайёрлаш тўғрисида”ги 89-сон Жамият буйруғи қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ, Жамият тизим корхоналари доирасида 198 та тадбирни амалга оширилиши белгиланган ҳамда зарурий миқдорда молиявий маблағ ажратилган.

Бу борада, тизимдаги ГЭС ва Каскадлар томонидан асосий ва ёрдамчи ускуналар, барча турдаги электр ва гидромеханик жиҳозлар: гидроагрегатлар, куч трансформаторлари, юқори кучланишли ўчиргичлар, реле-ҳимоя ва автоматика, паст ва юқори кучланишли электр тармоқлар, алоқа, техник сув таъминоти ва ёнғинга қарши тизимларни ишончли ишлашини таъминлаш (1); гидротехник иншоотлар, уларни гидромеханик қурилмалари, юк кўтариш механизмлари, автотранспорт воситалари, авария захира материалларини яратиш, ишлаб чиқариш ва маъмурий бинолар, уларнинг иситиш тизимларини мавсумга тайёрлаш (2); ижтимоий масалалар юзасидан ходимлар учун куз-қиш мавсумида қулай меҳнат шароитини яратиш, уларни махсус кийим бошлар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш (3) сингари муҳим амалий вазифаларни бажариши лозим.

Йиғилишда юқорида белгиланган вазифаларни ўз муддатларида бажарилиши, чора-тадбирлар ижросидаги сусткашлик ва лозим даражада бажарилмаслиги ҳолатлари кескин танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Ўз вазифасига масълуятсизлик ва сусткашлик билан қараган раҳбарлар фаолияти жиддий танқид қилинди. Хусусан, “Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади” УК (А. Алимов) томонидан харид қилинган бир комплект 220 кВли элегаз ўчиргичнинг монтаж ишлари тўлиқ якунланмаган, ГЭС-27 қуйи беф майдони ва трансформаторлар ячейкаларида гидроизоляция ишларини амалга ошириш, 6-ГЭС биносининг фасади ва хоналарини таъмирлаш ишлари шу кунга қадар бошланмаган, 2 дона юқори босимли компрессор, 4 дона юқори босимли задвижка харид қилиш ишлари кечиктирилган.

«Чирчиқ ГЭСлар каскади» УК (А. Шодмонов) да ГЭС-7 ва ГЭС-8 ларнинг том қисмини таъмирлаш ишлари ҳамда ГЭС-7 даги куч трансформатори майдонининг бетон қопламасини янгилаш бўйича ишлар бошланмаган. Шунингдек, махсус техника хариди ва 2 дона юқори босимли задвижка, 6 дона мой насос хариди кечиктирилмоқда.

«Туямўйин ГЭС» УК (А. Дурдиев) биноси ичида ходимлар учун қулай меҳнат шароитини яратиш, таъмирлаш-тиклаш ишлари якунига етказилмаган. Чиқиндиларни ушлаб қолувчи 1 дона темир панжара май ойида тайёр бўлган бўлишига қарамасдан, ўрнатилган тартибда чегарадан ўтказиш ишлари бошланмаган.

ГЭСдаги 3- ва 4-гидрогенераторларни тиристорли қўзғатиш тизими ва электрогидравлик бошқарув тизимига ўз вақтида созлаш ишлари амалга оширилмаганлиги боис тез-тез носозликлар кузатилмоқда.

“Самарқанд ГЭСлар каскади” УК (Б. Пирмухамедов) Хишрав ГЭС-2Б 2- ва 3-сон, Шаудар-1да 1-сон гидроагрегатнинг авариявий ўчиши бугунги кунга қадар тиклаш ишлари бажарилмаган. Қурилиши якунланган ГЭС-10, ГЭС-8 ва Пастдарғом микро ГЭСларини бугунги кунга қадар тармоққа улаш ишлари кечиктирилган.

“Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади” УК директори А. Алимов, “Самарқанд ГЭСлар каскади” УК директори Б. Пирмухамедов, Андижон сув омбори раҳбари Ф. Мирзаевга режавий муҳим топшириқлар ижроси доирасидаги сусткашлик учун қаттиқ огоҳлантириш берилди.

Барча тизим корхоналари ва сув омборлари раҳбарларига жорий йилнинг 15 октябрь санасига қадар режада белгиланган барча зарурий чора-тадбирларни якунлаш топшириғи берилди.

Тизим корхоналарида мавсумга тайёргарлик доирасида нафақат гидроагрегатларни таъмирлаш ишлари, балки, бутун тизимни доимий шай ҳолатга келтириш талаб этилади. Дастлабки метеорологик прогнозларга кўра, жорий қиш мавсуми эрта ҳамда ҳар йилгидан кўра совуқ келишини инобатга олиб, корхоналарда тайёргарлик ишларини жиддий масъулият билан ёндошган ҳолда, амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Сув омборларини 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш чора-тадбирлари режасига мувофиқ, сув омборларида жами 52 та тадбирни (Андижон сув омборида 12 та, Оҳангарон сув омборида 8та, Сардоба сув омборида 7 та, Ҳисорак сув омборида 8 та ва Тўполанг сув омборида 17 та) амалга оширилиши белгиланган.

Сув омборларида, энг аввало, сув кириш ва чиқиш иншоотларидаги гидромеханик қурилмалар, задвижкалар, байпас қувурлар, назорат-ўлчаш қурилмалари, дренаж насос станцияларни мавсумга шай ҳолатга келтириш, зарур материал ва жиҳозлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари харидларини ўз вақтида амалга ошириш талаб этилади.

Андижон, Оҳангарон ва Ҳисорак сув омборларидаги 14 та объектда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ўз муддатларида якунланиши бўйича сусткашликка йўл қўйилган.

Бошқарув раиси А. Сангинов томонидан энергия хавфсизлигини таъминлаш вазифалари бугунги кунда ўта муҳим ва долзарб аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, барча масъулларга белгиланган ишлар ижросини жадаллаштириш ҳамда энг асосийси, сифатли якунлаш талаби қўйилди.

Бу борада, Жамият олдида турган мақсадларга фақат мустаҳкам ирода, темир интизом, шахсий масъулият ва ўз ишига бўлган фидойилик билан виждонан меҳнат қилиш орқали эришиш мумкин.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича зарурий топшириқлар берилди.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг