Валюта курслари 10/01/2025
$1 – 12940.44
UZS – -0.17%
€1 – 13336.42
UZS – -0.31%
₽1 – 126.85
UZS – 2.56%
Қидириш
Иқтисод 11/01/2025 “Ўзбекгидроэнерго” АЖ делегацияси Хитойнинг нуфузли “China Huaneng Group Co. HongKong, Ltd.” (Huaneng) компаниясига ташриф буюрди

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ делегацияси Хитойнинг нуфузли “China Huaneng Group Co. HongKong, Ltd.” (Huaneng) компаниясига ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 10 январь куни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги делегация Хитойнинг юқори нуфузга эга “China Huaneng Group Co. HongKong, Ltd.” (Huaneng) компанияси билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги қадамлар бўйича компания офисига ташриф буюрди.

China Huaneng Group Co. HongKong, L. Хитой давлат Кенгашининг Давлат активларини назорат қилиш ва бошқариш комиссияси томонидан бошқариладиган Хитойнинг бешта йирик давлат электр энергияси ишлаб чиқариш компанияларидан бири ҳисобланади. Мазкур компания энергия ишлаб чиқариш лойиҳаларига сармоя киритиш, қурилиш, эксплуатация-бошқариш ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади.

Компания дунёнинг энг топ 500 йирик компаниялари рўйхатида 238-ўринни эгаллайди.

Ташриф давомида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси А. Сангинов ва “Huaneng” компанияси директорлар кенгаши раиси Сян Хуэй билан ҳамкорликда олиб борилаётган юқори даражадаги алоқалар ва бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди.

Хусусан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган қуввати 320 МВт бўлган Қоронғитўқай ГЕС қурилиши лойиҳаси юзасидан учрашув ўтказилди.

Мазкур лойиҳа доирасидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва “Huaneng” компанияси ўртасида “Ўзаро англашув меморандуми” тантанали равишда имзоланди. Меморандум ҳужжатига асосан, лойиҳаолди ҳужжатларини ва молиялаштириш шартларига аниқлик киритиш ишларини тезлаштириш йўналишларида келишиб олинди.

Истиқболли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида Республикамиз энергетика балансига янги юқори қувват қўшилиши нуқтаи назардан – ушбу воқеани тарихга муҳрлаш мақсадида жорий йил 1 август куни “Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пскем дарёсида Қоронғитўқай ГЕС қурилиши”га расмий старт берилишига бағишланган маросим ташкил этилиши ва ушбу тадбир олий даражада ўтказилиши ҳамда мазкур муддатга қадар лойиҳа доирасида барча зарурий чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга келишиб олинди.

Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида келгусида нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам ДХШ тамойили асосида илк бор юқори қувватга эга йирик ГЕС қурилади.

Ушбу лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилига ўртача 842 млн кВт.соат электр энергия ишлаб чиқарилади, бунда республикамизнинг 281 минг хонадони электр энергияси билан таъминланади, қарийб 228 млн м3 табиий газ иқтисод қилинишга эришилади. Бу эса, ўз навбатида, жадаллик билан ўсиб бораётган халқимиз ва шиддат билан ривожланаётган саноатимиз экологик тоза электр энергияси билан узлуксиз таъминланишига хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг