Ўзбек маҳаллий маҳсулотларига СE маркировкасини жорий этиш бўйича чехиялик мутахассис билан учрашув ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Чехия Республикасининг нуфузли сертификатлаш идораси – SZU (Strojírenský zkušební ústav s.p.) вакиллари ҳамда “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида маҳаллий маҳсулотлар учун Европа Иттифоқи стандартларига мос равишда СE маркировкасини расмийлаштириш жараёнлари, сертификатлаш талаблари ва ҳамкорликнинг амалий механизмлари муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳсулот сифатини халқаро стандартларга мослаштириш ва Европа бозорига чиқиш имкониятларини яратишда муҳим қадам бўлади.
Маълумот учун, СE маркировкаси — бу маҳсулотнинг Европа Иттифоқи талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи белги бўлиб, у ишлаб чиқарувчига маҳсулотини Европа бозорида эркин муомалага чиқариш ҳуқуқини беради.
(Strojírenský zkušební ústav s.p.) (SZU) — Чехия Республикасининг энг йирик ва нуфузли сертификатлаш ва синов марказларидан бири бўлиб, саноат, энергия, электр жиҳозлари ва бошқа кўплаб маҳсулот турларини халқаро стандартлар асосида синовдан ўтказиш ва сертификатлаш хизматларини кўрсатади. SZU маркази Европа ва глобал миқёсда маҳсулотларнинг хавфсизлик ҳамда сифат талабларига мослигини тасдиқловчи ташкилот сифатида кенг эътироф этилган.